Ўзбекистон | 20:40 / 05.04.2021
12932
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Устюрт ва Фарғона регионида истиқболли янги табиий газ конлари очилди (видео)

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 18 ноябрдаги «Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш учун соҳада бир қатор ишлар бажарилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан углеводород хомашёси базасини тўлдириш ва қайта тиклаш дастури доирасида геология-қидирув ишлари ҳудудлар кесимида олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тармоғида 2021 йилни «Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш йили» деб эълон қилиниши ҳам геологик ишларни тизимли равишда амалга оширишда дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ геологлари томонидан «Геологлар куни» касб байрами арафасида республикамиз аҳолиси, иқтисодиёти ва унинг ривожланиши учун ўзига хос туҳфа тақдим этилди.

Геологларнинг тавсияларига асосан, жойлардаги мутахассислар билан ҳамкорликда «Қуйи Сургил» кони ҳудудидаги қуйи юра ётқизиқларининг нефтгазлилик истиқболларини баҳолаш учун 5-сонли қудуқ 4305 метргача бурғилаб тугатилди ва қудуқ кесимида бир қанча истиқболли қатламлар борлиги аниқланди.

Қудуқнинг 4100–4305 метр чуқурликдаги 200 метрдан ортиқ оралиғида олиб борилган тадбирлар натижасида кунлик 700 минг куб метр ҳажмда саноат миқёсидаги табиий газ оқимларини олишга эришилди.

Бундан ташқари, «Қуйи Сургил» кони ҳудудида навбатдаги 6-сонли қидирув қудуғини бурғилашни амалга ошириш борасида тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Устюрт региони 16 та қудуқда ишларни ташкиллаштириш, 47 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини амалга ошириш ҳамда ушбу қудуқларда йил якуни билан 10.0 млрд куб метр табиий газ ҳамда 300 минг тонна газ конденсати захираларини ўстиришни таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, геологларнинг муваффақиятли изланишлари натижасида Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ҳудудидаги «Чақар» конидаги 4-сонли излов қудуқда олиб борилган бурғилаш ишлари ҳам ўз натижасини берди.

Ушбу қудуқда 2400 метрдан 2143 метр чуқурликгача юра даври ётқизиқлари бурғиланди.

Юра ётқизиқларининг нефтгазлилик истиқболини аниқлаш мақсадида 2021 йил 3 апрель куни 2143–2106 метр чуқурликда, очиқ стволда синаш ишларини ўтказиш натижасида саноат аҳамиятидаги табиий газ оқими олинди.

2021 йилга мўлжалланган геология-қидирув ишлари Дастури доирасида «Чақар» конида аниқланган маҳсулдор қатламни ўрганиш мақсадида навбатдаги 5-сонли қидирув қудуғида ҳам бурғилаш ишлари олиб борилади.

Ушбу қудуқлардан олинган табиий газ оқимлари Устюрт ва Андижон региони бўйича 2021 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан табиий газ захираларини ўстиришни таъминлаши билан бир қаторда, Республика углеводород хомашё базасини қайта тўлдириш ва ривожлантириш борасидаги вазифаларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати 

Мавзуга оид