Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда тезлиги паст интернет учун операторларга солинадиган жарима миқдори ўн бараварга оширилиши мумкин
Бугунги кунда солинаётган жарима миқдори 200 минг тенге атрофида.
Қозоғистонда сифатсиз интернет хизмати тақдим этган алоқа операторлари ва провайдерларига солинадиган жарима миқдори ўн бараварга оширилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик ривожланиш вазири Багдат Мусин маълум қилди.
"Бугунги кунда солинаётган жарима миқдори 200 минг тенге атрофида. Жаримани 10 бараварга ошириш кераклигини айтмоқдамиз. Ҳозирда бу масала депутатлар билан муҳокама қилинмоқда. Операторларга солинадиган минимал жарима 2 миллион тенге бўлади", – деди Мусин.
У, шунингдек, қозоғистонликларга интернет сифати бўйича кимга шикоят қилиш кераклигини айтди.
"Facebook, Instagram орқали кўплаб мурожаатлар келади, аммо улардан текширув учун асос сифатида фойдалана олмаймиз. Биз фақат имзо чекилган ёки рақамли имзо билан тасдиқланган мурожаатлардан фойдаланамиз. Шунинг учун мурожаатингиз ўрганилиши ва барча зарур чоралар кўрилишини истасангиз, улар вазирликка ёки телекоммуникациялар қўмитасига юборилиши муҳим", – деди Мусин.
Маълумотларга кўра, Қозоғистон кенг полосали интернет тезлиги бўйича дунёда 68-ўринда (52,95 Мбит/с) ва мобил интернет тезлиги бўйича 105-ўринда (20,15 Мбит/с) туради.