Янги лойиҳалар ҳақида

— Биз бу ерни янги дастур доирасида обод маҳаллага айлантирдик. Кичик саноат зонаси ташкил этиш орқали инфратузилма яратилди: сув, электр, газ тортилди, йўллар асфальтланди. Авваллари бу ерда 3,8 гектар боғ бор эди. Илмий-текшириш институтининг боғи ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Энди эса бу ерга ҳар бири 15 сотихдан бўлган 22та лойиҳа жойлаштирдик.

Айрим каттароқ лойиҳалар икки-уч бўлак ерни олган – 30 сотих. Ҳар бир лойиҳада камида 100 нафар ишчи ишлайди. Бизнинг режамиз жами 3200 кишини ишли қилиш. Шунча иш ўрни яратилди. 17та тикувчилик цехлари, шундан иккитаси чармни қайта ишлаш ва учтаси озиқ-овқат йўналишидаги лойиҳалар.

Шунинг ҳисобига «Даштбоғ» маҳалласи атрофидаги етти маҳалла аҳолисини – «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар»даги одамларни иш билан таъминлаш. Даштбоғнинг ўзида тўрт минг киши яшайди. Чеккароқда саноат зоналари ташкил қилинганидан хабардорсиз. Ҳоким бўлганимдан кейин мен буларни ўргандим. Бунинг ноқулайлиги нимада эди? У ерга бориш қийинроқ, вақт ва пул кетказиб етиб бориш керак. Чекка жойларга инфратузилма яратиш, коммуникация тортиб бориш қийин, катта маблағ ва вақтни олади. Биз буни қайта кўриб чиқдик ва қишлоқларда, туманларда маҳаллалар марказларида зоналар ташкил қилишга ўтдик. Аёлларимиз кўпроқ уйи яқинидаги жойда ишлаши ҳар тарафлама қулай. Атроф маҳаллалардаги одамларга уйи олдидаги саноат зонаси ташкил қилиш билан қулайлик яратилдики, бунда йўлкира сарф бўлмайди, исталган пайт, масалан, аёллар, уйидан, бола-чақасидан хабар олиб кела олади.

Бутун вилоят бўйича 72та кичик саноат зонасининг қарори чиқди ва буларнинг 43тасида ишлар бошланди. Шаҳарнинг ўзида бундай саноат зоналаридан 10та ташкил қиляпмиз.

Водий шароитида, биласиз, ер мураккаброқ масала. Илгари тадбиркорлар 1 гектар ер олганда, 50 сотихига нимадир қуриб, қолганини бўлиб-бўлиб сотиб юборган, уй қурган ва ҳоказо. Биз айнан шундай ҳаракатларнинг олдини олиш учун 15-30 сотихдан бўлиб бердик. Майдонни кичрайтирганимиз ҳисобига тадбиркорлар сони кўпайди. Шу 3,8 гектар ерга битта катта лойиҳа жойлаштирсангиз, нари борса 500-600 киши ишлайди. Ҳозир эса бу рақамлар 4-5 баравар кўпроқ. Тадбиркорга ҳам арзон, ҳам осон, ҳам қулай. Кўп кредит олмайди ва камроқ сармоя билан бошлайди.