Ўзбекистон | 10:10 / 06.04.2021
3253
3 дақиқада ўқилади

Бизнес олий мактаби магистратурасида сиртқи таълим ташкил этилади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг “Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасида сиртқи таълимни ташкил этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Тартиб “Таълим тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг “Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратура мутахассисликлари бўйича ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Олий мактабда сиртқи таълим Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади.

Сиртқи таълим масофавий таълим технологиясини қўллаган ҳолда сиртқи шаклда олиб борилади.

Тартиб фақат олий мактаб магистратура мутахассисликларига нисбатан татбиқ этилади.

Сиртқи таълимга тингловчиларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги 460-сон қарори билан тасдиқланган Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Сиртқи таълимда ўқиш муддати:

  • 5А230302 – Бизнесни бошқариш (Master of Business Administration – MBA) мутахассислиги бўйича 2 йил;
  • 5А230203 – Лойиҳа бошқаруви (Project management – PM) мутахассислиги бўйича 1,5 йил.

Сиртқи таълимга қабул қилинган тингловчиларга ўрнатилган тартибда пластик карта кўринишига эга бўлган, уларнинг олий мактаб талабаси эканлигини тасдиқловчи ID карталар берилади.

Сиртқи таълим тингловчиларини ўқув адабиётлар ва ўқув материаллар билан олий мактаб таъминлайди ва билим олиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Сиртқи таълим тингловчилари олий мактабнинг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, ахборот-ресурс марказлари (кутубхона) ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланадилар.

Сиртқи таълим тингловчиларини тингловчилар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Олий мактаб буйруғи асосида тингловчиликка қабул қилинган тингловчилар бир мутахассислик доирасида сиртқи таълимдан кундузги таълимга ўқишларини кўчиришлари мумкин, бироқ сиртқи таълимнинг бир мутахассислигидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид