Жамият | 19:40 / 07.04.2021
2076
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган 600 литр ёғни сотаётган шахслар ушланди

Қарши шаҳрида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган 600 литр пахта ёғини сотаётган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда, якка тартибдаги тадбиркор Ғ.К. ва И.С.га тегишли савдо дўконларида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган пахта ёғи сотилаётгани аниқланган.

Жумладан, юқоридаги шахсларнинг дўконида норасмий ишчи сифатида ишловчи Ф.Ф. ва Ш.Я. «Qarshiyog’ ekstraktsiya» AJ ёзувли ҳар бир қадоғи 4,2 кг бўлган 100 дона ёғ маҳсулотини харидорга сотган вақтида ушланиб, улардан жами 126 дона қадоқланган ёғ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган пахта ёғи истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш) ва 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, сўнгги пайтларда Ўзбекистон бозорларида кунгабоқар мойининг нархи сезиларли ошган. Бугун савдо дўконларида унинг 1 литри ўртача 19–20 минг сўмдан сотилмоқда. Фақат Тошкент шаҳрининг айрим бозорларида унинг 1 литрини 14 минг сўмдан сотишган ва унда узун навбатлар юзага келган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид