Жаҳон | 15:03 / 10.04.2021
4342
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ядровий келишувга зид ҳолда киритилган Эронга қарши санкцияларни бекор қилишга тайёрлигини билдирди

Давлат департаменти вакили АҚШ Теҳронга нисбатан террорчилик фаолияти, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Америка сайловларига аралашиши сабабли киритилган санкцияларни бекор қилмаслигини айтди.

Фото: EPA

АҚШ ядровий келишувга зид ҳолда киритилган Эронга қарши санкцияларни бекор қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти вакили маълум қилди

«Бизнинг позициямиз шундай: ядровий келишувга зид бўлган барча санкцияларни бекор қилишга тайёрмиз. Аммо бу барча санкциялар бекор қилинишини англатмайди, чунки айрим санкциялар асосли», — деди дипломат.

У АҚШ Теҳронга нисбатан террорчилик фаолияти, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Америка сайловларига аралашиши сабабли киритилган санкцияларни бекор қилмаслигини айтди. Ядровий келишувга зид бўлган бошқа барча санкциялар эса агар Теҳрон ядровий келишувга амал қиладиган бўлса, бекор қилинади.  

Агарда Теҳрон 2017 йилда киритилган барча санкциялар бекор қилинишини кутадиган бўлса, ядровий келишув бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши мумкин, деди давлат департаменти вакили.

6—9 апрел кунлари Венада Эрон ва халқаро воситачилар «бешлиги» (Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Россия) ўртасида ядровий келишув бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид