Ўзбекистон | 15:28 / 13.04.2021
7489
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳукуматлараро битим кучга кирди

2019 йил 15 апрел куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқаролари бўлган мигрантлар ва Ўзбекистондаги Қозоғистон фуқаролари бўлган мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим 2021 йил 4 апрелдан кучга кирди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ҳужжатда меҳнат мигрантларининг фаолияти ва меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш назарда тутилган.

Битимда меҳнат мигрантларининг қуйидаги ҳуқуқлари белгиланган:

  • қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва меҳнат шартномасига мувофиқ дам олиш;
  • қабул қилувчи давлат қонунчилиги билан белгиланган рўйхатга мувофиқ атрофдагиларга хавф солувчи ўткир касалликлар бўйича кафолатланган ҳажмда бепул тиббий ёрдам олиш;
  • қабул қилувчи давлат ваколатли органларидан қабул қилувчи давлат ҳудудида бўлиш ва унда меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартиби, шунингдек, унинг қонунчилигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқли ахборот олиш.

Шунингдек, қабул қилувчи давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида таълим тўғрисида ҳужжатлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисида ҳужжатларни тан олиш процедураларини ўтказмасдан тан олинади.

Бунда педагогик, тиббий ёки фармацевтика соҳасида таълим олган мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисида ҳужжатларни тан олиш процедурасидан ўтади ва уларга қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ тегишли педагогик, тиббий ва фармацевтик фаолият билан шуғулланишга рухсат этилади.

Мавзуга оид