Жамият | 07:33 / 14.04.2021
2031
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланди

Фото: KUN.UZ

Covid-19га қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан Навоий шаҳрида бошланган бўлса, 12 апрелдан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида олиб борилмоқда.
 
Навоий вилоятига Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вакцинадан 19 000 доза, Ўзбекистон-Хитой ҳаммуаллифлигида Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинадан эса 19 600 доза келтирилган. Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 6 271 нафар фуқаро эмланган.

«Эмлашдан кейинги ножўя ҳолатлар борасида кўпчиликда саволлар туғилмоқда. Аслида, ҳар қандай вакцина билан эмлангандан кейин 2 хил ҳолат бўлиши мумкин. Биринчиси, эмлашдан кейинги ноодатий реакциялар. Бунга кучли аллергик реакция, анафилактик шок мисол бўлади. Бундай ноодатий реакциялар 1 миллион эмлашга 1 та тўғри келиши мумкин. Иккинчиси, эмлашдан кейинги одатий реакциялар ҳисобланади. Бунда тана ҳароратининг маълум даражада кўтарилиши, бош оғриши, умумий ҳолсизлик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Бу қисқа вақтда ўтиб кетади», — дейди Навоий вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Достон Сайдуллоев.

Таъкидланишича, ҳозирда олиб келинган 2 хил вакцина билан 18 ёшга тўлмаган фуқароларни, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни, орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) га чалинганларни ҳамда онкологик касаллик сабабли доимий нур терапия билан даволанадиган беморларни эмлашга қарши кўрсатмалар бор.

Мавзуга оид