Жаҳон | 20:30 / 14.04.2021
30200
7 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги уруш: Байден аскарларни олиб кетиш муддатини маълум қилди, «Толибон» музокаралардан бош тортмоқда

Америкадаги оммавий ахборот воситалари хабар беришича, президент Жо Байден яқин вақтлар ичида АҚШ Афғонистондаги ҳарбийларини шу йилнинг 11 сентябрига қадар олиб чиқиб кетиши ҳақида расман эълон қилади. Ўтган йили Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп ҳарбийларни олиб чиқиш жараёнини майгача тугаллашни ваъда қилганди, аммо Байден бу муддатни нореал деб атаган.

Фото: Reuters

Байден айтаётган сана 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йоркдаги савдо маркази ва Пентагонга қилинган ҳужумнинг 20 йиллигига тўғри келмоқда. Айнан шу терактлардан кейин АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари Афғонистонга бостириб кирган ҳамда «Толибон»ни ҳокимиятдан четлатишга эришганди.

Афғонистонда 20 йилдан кейин ҳам уруш давом этмоқда, «Толибон» ҳаракати эса позициялари 20 йил олдинги каби бўлмаса-да, мамлакатда катта таъсирини сақлаб қолмоқда. НАТО ва АҚШ вакиллари толиблар зўравонликни тўхтатиш тўғрисидаги ваъдаларига амал қилмай келаётганини айтишади.

Ҳозирда Афғонистонда 2,5 мингга яқин америкалик ҳарбий қолган, НАТО давлатлари ҳарбий контингентининг жами сони эса 9,6 мингни ташкил этади.

Байденнинг баёноти ҳақида журналистларга гапириб берган америкалик амалдор агар «Толибон» олиб чиқиш жараёнида АҚШ аскарларига ҳужум қилгудек бўлса, Вашингтон «қатъий жавоб» қайтаришга тайёрлигини қайд этган.

Администрация вакили АҚШ президентининг қўшинларни Афғонистондан олиб кетишни кечиктириш қарорини бундай амалиётни тайёргарликсиз ўтказиш америкалик ҳарбийлар ҳаётига хавф солиши мумкинлиги билан изоҳлаган.

Америкалик ҳарбийлар Афғонистон олиб чиқилиши Вашингтон хавфсизлик соҳасидаги стратегиясини ўзгартиргани ва янада долзарб таҳдидларга эътибор қаратиш учун Афғонистондаги зиддиятга 20 йиллик бесамар аралашувини тугатишга қарор қилгани билан боғлиқ.

Таҳлил: энди толиблар янада кучаядими?
Секундер Кирмоний, BBC’нинг Афғонистондаги корреспонденти

Афғонистондагиларнинг кўпчилиги бу қарор «Толибон»нинг позицияси кучайишига олиб келади, деб ҳисобламоқда. Гарчи, бу Вашингтон ҳарбийларни 1 майга қадар олиб кетиш бўйича мажбуриятни бузишни англатса-да. Шу билан бирга, толиблар муҳлат билан боғлиқ мажбуриятни бажаришни талаб қилмоқда.

Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар тўхтагани йўқ. Бу вертолёт вилоятлардан бирида жангариларга қарши операция вақтида қулаб тушган.

Толиблар америкалик ҳарбийларга ҳужум қилиши эҳтимоли кам, чунки уларнинг Афғонистонда қолиши атиги бир неча ойга чўзилмоқда. Аммо «Толибон»нинг илк реакцияси душманона эди.

Афғонистон ҳукуматининг айрим вакиллари Байден маъмурияти толиблар билан музокаралар чоғида янги шартлар қўйишига умид қилмоқда. Аммо Вашингтондагилар бундай йўл тутмоқчи эмас.

Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасидаги музокаралар суст кечмоқда, шу туфайли томонлар АҚШ ҳарбийлари кетгунига қадар ҳокимиятни тақсимлаб олиш бўйича келишувга эришиши қийин. Эҳтимол толибларнинг халқаро миқёсда тан олиниш бўйича истаги уларни муроса қилишга мажбур қилар.

Аммо кўпчилик толиблар шунчаки америкалик ҳарбийлар кетишини кутаётгани, ундан кейин тўла ҳарбий ғалабага эришиш ёки устун мавқеда бўлиш учун юриш бошлаши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Шу вақтгача Афғонистон ҳукумати қўшинлари жангариларнинг ҳужумларини қайтариб турибди, аммо бунда америкаликларнинг ҳаво орқали кўмак бериб туриши муҳим рол ўйнамоқда.

Афғон разведкаси маълумотларига кўра, мамлакат ҳукумати бир неча йил мобайнида «Толибон»га қарши тура олиши мумкин. Аммо бу урушда Кобул учун халқаро кўмак муҳим омиллигича қолади, шу туфайли энди зиддият янада қонли тус олиши мумкинлиги бўйича таҳдид юзага келмоқда.

Сешанба куни «Толибон» шу ойда Туркияда ўтказилиши мўлжалланган Афғонистон келажаги бўйича музокараларда иштирок этишдан бош тортди. Толибларнинг Қатардаги офиси вакили «барча хорижий ҳарбийлар мамлакатни тарк этмас экан» ҳаракат бундай конференцияларда иштирок этмаслигини маълум қиди.

Яқин вақтлар ичида АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Брюсселда Байденнинг қарори ҳақида НАТО бўйича иттифоқдошларга расман эълон қилиши кутилмоқда.

Афғонистонда 2001 йилдан буён давом этаётган уруш АҚШга бир неча триллион долларга тушди, америкалик аскарлардан 2 мингдан ортиғи ҳалок бўлди. Бу Америка қуролли кучлари тарихида кузатилган энг узоқ вақт давом этган урушдир.

Ўтган йилнинг февралида келишув имзоланган, унга кўра АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари «Толибон» ўз ваъдаларини бажарган ҳолда 14 ой ичида Афғонистондаги барча ҳарбийларини олиб чиқиши белгиланган эди. Жумладан, «Толибон» тинчлик музокараларида иштирок этиш ва ўз назоратидаги ҳудудларда «Ал-Қоида» таъсиридаги тузилмалар пайдо бўлишига йўл қўймаслик мажбуриятини олган.

Ўз навбатида, «Толибон» тинчлик музокараларида иштирок этиши учун Афғонистон қамоқхоналарига ташланган бир неча минг тарафдори озод этилишини шарт қилиб қўйганди.

Афғонистон ҳукумати ва толиблар ўртасидаги бевосита музокаралар 2020 йил сентябрида Доҳада бошланган, аммо ҳалигача якуний келишувга эришилмаган.

Гарчи «Толибон» Афғонистондаги хорижий ҳарбийларга ҳужум қилишни бас қилган бўлса-да, ҳукумат ҳарбийлари билан тўқнашувлар давом этмоқда.

Март ойида толиблар 1 майдан кейин ҳам Афғонистон ҳудудида АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари ҳарбийлари қоладиган бўлса, уларга қарши ҳарбий ҳаракатларни тиклаш билан таҳдид қилганди.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий аралашуви: хронология
2001 йил октябрь: АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларидан кейин Америка самолётлари Афғонистонни бомбардимон қила бошлайди.

2009 йил февраль: НАТО мамлакатлари Афғонистондаги ҳарбийлар сонини кенгайтиришни ваъда қилади. АҚШ бу мамлакатга қўшимча 17 минг аскар юборади.

2009 йил декабрь: АҚШ президенти Барак Обама америкаликлар контингентини яна 30 мингга ошириб, жами 100 мингга етказади. Шу билан бирга, у бу ердан ҳарбийларни 2011 йилдан олиб чиқиш бошланишига ваъда беради.

2014 йил октябрь: АҚШ ва Буюк Британия Афғонистондаги фаол ҳарбий ҳаракатлар якунлангани ҳақида баёнот беради.

2015 йил март: Обама АҚШ мамлакат президенти Ашраф Ғанининг илтимосига кўра Афғонистондаги ҳарбийлар олиб чиқилишини кечиктиришини маълум қилади.

2015 йил октябрь: Обама 2016 йил охиригача Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони 9,8 минггача тушишини маълум қилади. Шу тариқа, у мамлакатда қоладиган америкалик ҳарбийлар сони 1 мингдан ошиқ бўлмаслиги ҳақидаги аввалги ваъдасини бажаришдан бош тортади.

2016 йил июль: Обама Афғонистонда 2017 йилгача 8,4 минг ҳарбий қолдиришга қарор қилади - бу «хавфсизлик соҳасидаги ўта хавфли вазият» билан изоҳланади. НАТО ҳам ҳарбийлари сонини камайтирмаслик ва маҳаллий хавфсизлик кучларини молиялаштиришни 2020 йилга қадар давом эттиришга рози бўлади.

2017 йил август: АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп куч тўплай бошлаган «Толибон»га қаршилик кўрсатиш учун Афғонистонга қўшимча ҳарбийлар жўнатиши ҳақида маълум қилади.

2019 йил сентябрь: Толиблар ва АҚШ ўртасида узоқ вақт давом этган тинчлик музокаралари муваффақиятсизликка учрайди.

2020 йил февраль: бир неча ойлик музокаралардан кейин АҚШ Доҳада Афғонистондан ҳарбийларни олиб кетиш бўйича келишувни имзолайди.

Мавзуга оид