Ўзбекистон | 17:00 / 14.04.2021
6753
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Янги табиий газ конларини очиш ва конларнинг геологик тузилишини ўрганиш учун 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4522 сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан геология-қидирув ишларини ўтказиш бўйича “Углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш” Дастури ишлаб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан бу борадаги ишларни самарали давом эттириш мақсадида, “Ўзбекгеофизика” АЖ билан алоқалар янги босқичга олиб чиқилди.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ геология-қидирув ишларини ривожлантириш дастурлари доирасида “Учқир” ва “Шўртан” сейсмолойиҳаларида дала сейсмик қидирув ишлари ўтказиш бўйича ҳам ишлар йўлга қўйилди.

“Учқир сейсмолойиҳаси” доирасида 2018–2023 йилларда “Газли” ва “Учқир” конлари устида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, умумий ҳажми 3675 кв кмни ташкил этади.

2018–2020 йилларда 1816,5 кв км ҳажмда иш бажарилган. 2021 йилда дастур доирасида 750 кв км ҳажмда 35,5 млрд сўмлик сейсмик қидирув ишларини олиб бориш режалаштирилган. I чорак якуни бўйича амалда 185 кв км 7,1 млрд сўмлик бажарилди. Лойиҳа бўйича яна 565 кв км ҳажмдаги ишлар бажарилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12–13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида табиий газни чуқур қайта ишловчи янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани эътироф этилиб, табиий газ хомашёсига талаб ошиб бораётгани сабабли углеводород хомашё захираларини янада кўпайтириш муҳимлиги тўғрисида топшириқлар берилган эди.

Бугунги кунда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида, табиий газни чуқур қайта ишлаш заводларини (“Uzbekneftegaz GTL”) қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 25 февраль куни Муборак шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида газни қайта ишлаш ва газдан синтетик ёқилғи ажратиб олишга мўлжалланган “GTL” заводини табиий газ хомашё ресурслари билан доимий таъминлаш мақсадида йиғилиш ўтказилган эди. Ушбу йиғилишда белгилаб берилган топшириқларга асосан, “Шўртан” газ конденсат конлари гуруҳидан газ конденсат хомашёсини қазиб олиш ҳажмларини ушлаб туриш ҳамда конларда геологик қидирув ишларини кейинги босқичга ўтказиш орқали, ўрганилмаган чуқур нефть ва газга истиқболли бўлган юра даврининг терриген ва юқори палеозой қатламларини ўрганиш мақсадида, “Шўртан” газ конденсат конлари гуруҳи ҳудудида МОГТ-3Д усулида сейсмик қидирув ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланиб, майдонда сейсмик ишларни бошлаш апрель ойининг 1-декадасида режалаштирилган эди.

Хусусан, “Ўзбекгеофизика” АЖ билан ҳамкорликда “Шўртан” кони ва кон олди атрофида 3D сейсмик қидирув ишларини ўтказиш келишиб олинди.

Бу ўз навбатида мазкур конларнинг геологик тузилишини янада батафсил ўрганиш ва олдин ўрганилмаган қуйи юра терриген ётқизиқларида газ уюмларини аниқлаш имконини беради.

Бугунги кунда майдонда сейсмик қидирув ишлар бошланди ва йил охирига қадар, “Шўртан” кони ҳудуди бўйлаб сейсмик қидирув ишлари ниҳоясига етказилади. Кон бўйича ўтказилган тўлиқ геофизик ишлар натижасига кўра, геология-қидирув ишларига баҳо берилади.

“Шўртан сейсмолойиҳаси” доирасида 2021–2023 йилларда “Шўртан” кони ва кон гуруҳидаги конлар устида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳанинг умумий ҳажми 1999 кв кмни ва 167 млрд сўмни ташкил этади. Дастурга кўра, 2021 йилда 620 кв км ҳажмда 44,5 млрд сўмлик сейсмик қидирув ишларини олиб бориш режалаштирилган.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати 

Мавзуга оид