Жаҳон | 22:18 / 15.04.2021
3073
2 дақиқада ўқилади

Япония ва БАА биргаликда Ойга миссияни амалга оширади

 Япониянинг Ispace стартапи ва БААнинг Муҳаммад бин Рошид номидаги коинот маркази биргаликда Ойга миссияни амалга ошириш ҳақидаги келишувни имзолади. Ҳамкорлик доирасида Ispace’нинг Hakuto-R модули Ойга БААнинг Rashid луноходини етказади.  

2020 йилда Япониянинг H-IIA ракетаси Марсга БААнинг “Al Amal” (Умид) орбитал қурилмасини етказишда қўлланганди. “Al Amal” БААнинг биринчи сайёралараро фазовий қурилмаси ҳисобланади. Эндиликда икки давлат биргаликда Ойга миссияни амалга оширмоқчи.

Hakuto-R ва Rashid қурилмалари фазога SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси ёрдамида чиқарилади.

Маълумотларга кўра, Rashid луноходи лойиҳаси 2020 йилда эълон қилинган. Аввалроқ қурилма Ойга 2024 йилда юборилиши кутилганди, энди эса буни 2022 йилда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Қурилманинг 10 кгдан иборат фойдали юки камера, тепловизор, микроскоп ва Ленгмюр зондини ўз ичига олади. Ушбу қурилмалар ёрдамида Ойдаги геологик жинслар ва атроф-муҳит ўрганилади.

Роверни Ойнинг кўринадиган қисмига қўндириш режалаштирилган. У Ернинг табиий йўлдошида 14 кун ишлайди, Hakuto-R эса миссия давомида луноходдан олинган маълумотларни Ерга узатишга жавоб беради.

Агар ушбу миссия муваффақиятли амалга ошса, унда Япония ва БАА ўз қурилмасини Ойга етказишга муваффақ бўлган давлатлар – собиқ иттифоқ, АҚШ ва Хитой қаторидан жой олади. 2019 йилда ушбу давлатлар қаторини Исроил ва Ҳиндистон тўлдириши мумкин эди, бироқ уларнинг “Берешит” ва “Чандраян-2” қурилмаларига Ойга қўниш вақтида шикаст етган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид