Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва БАА стратегик шериклик доирасида янги лойиҳаларни амалга оширади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, энергетика, транспорт, логистика ва юқори технологиялар соҳаларидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида БАА делегацияси раҳбари давлат раҳбарига мамлакат президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, бош вазири ва Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари жадал суръатларда ривожланаётгани қайд этилди. Томонлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми, инвестициялар оқими ва қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда.

Шунингдек, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида БААнинг етакчи компаниялари билан қатор янги келишувларни имзолаш режалаштирилгани таъкидланди.

Музокараларда “яшил” энергетика, замонавий ёқилғи турларини ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш ҳамда бошқа истиқболли йўналишлардаги йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди.