Ўзбекистон | 09:20 / 16.04.2021
2096
2 дақиқада ўқилади

Энергия тежовчи қурилмаларни харид қилиш учун компенсация ажратилади

Ҳукумат қарори билан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилиш ҳамда ушбу мақсадлар учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатлари бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилиш ҳамда ушбу мақсадларга олинган кредитлар бўйича фоиз харажатлари бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ажратилади.

Компенсация қуйидаги харажатлар бир қисмини қоплаш учун ажратилади:

  • жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:
  • қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;
  • қуёш сув иситкичлари учун – 1,5 миллион сўмдан;
  • энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплашга:

  • жисмоний шахсларга – 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича – Марказий банк қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • юридик шахсларга – 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича – Марказий банк қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда.

Маълумот учун, низом талаблари 2020 йил 1 январдан ўз маблағи ва кредитлар ҳисобидан энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларни харид қилган ва ўрнатган шахсларга татбиқ этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид