09:44 / 16.04.2021
4396

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Адлия вазирлиги нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритди.

Биринчидан, ID-карталар жорий қилингани муносабати билан йўриқнома тегишли бандларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, нотариал битимларни амалга ошириш учун мурожаат қиладиган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига ID-карталар ҳам киритилди.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 18.11.2020 йилдаги 726-сон «Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилингани муносабати билан тегишли ўзгартиришлар киритилди. Тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда (27-б.) ҳамда умумий улушли мулк иштирокчиси айрим битимларини тасдиқлашда (35-б.) нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш маъмурий регламенти қоидалари қўлланилиши белгиланди.

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.04.2021 йилдан кучга кирди.

Top