Кўчмас мулк | 07:25
409
2 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк харидорларини аввалги эгасининг қарзидан ҳимоя қилиш таклиф этилди

Рақобат қўмитаси Адлия вазирлигига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларидан аввалги эгасининг коммунал хизмат қарзлари янги мулкдорга юкланиши мумкин бўлган бандларни чиқариб ташлаш таклифини юборди.

Фото: Kun.uz

Қўмитанинг таъкидлашича, фуқаро кўчмас мулк сотиб олганида собиқ мулкдорга тегишли бўлган коммунал хизмат қарзларни унинг зиммасига юклаш «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 21-моддасига номувофиқ ҳисобланади. Унга кўра, шартномада истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ҳар қандай шартлар ноқонуний деб топилиши белгиланган.

Қўмита Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаронинг мурожаатини мисол қилиб келтирди. У уй сотиб олаётган вақтда «Notarius» тизими объектда қарздорлик мавжудлигини кўрсатмаган. Бироқ кейинчалик «Самарқанд сув таъминоти» корхонаси янги мулкдорга уйнинг аввалги эгасидан қолган 13 млн сўм миқдоридаги қарзни ҳисоблаган. Қайта текширув давомида маълум бўлишича, мазкур қарздорлик сув таъминоти корхонасининг собиқ ходими биллинг тизимига маълумотларни киритишда хатога йўл қўйгани сабабли юзага келган. Рақобат қўмитасининг аралашувидан сўнг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, асоссиз ҳисобланган қарз бекор қилинган.

Қўмита битимларни нотариал расмийлаштиришдан олдин «Notarius» тизими орқали коммунал хизматлар ва солиқлардан қарздорлик, шунингдек, мулкка қўйилган тақиқлар мажбурий тартибда текширилишини эслатиб ўтди. Битимни расмийлаштиришга фақат қарз мавжуд бўлмаган тақдирда йўл қўйилади.

Идора маълумотларига кўра, муаммолар аксарият ҳолларда инсон омили — биллинг тизимига маълумот киритишдаги хатоликлар, электрон тизимлардаги маълумотларнинг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳамда шартномаларга қонунчиликка зид бандларнинг киритилиши сабабли юзага келмоқда.

Қўмита коммунал ташкилотлар ўз биллинг тизимларидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар эканини ва уларни идоралараро электрон тизимларга ўз вақтида узатиши шартлигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид