Ўзбекистон | 09:58 / 16.04.2021
18426
14 дақиқада ўқилади

Хитойда хорижлик талабалар қандай яшайди? Шанҳайда хитой тилини ўрганаётган докторант билан суҳбат

Коронавирус бутун дунёдаги инсонларнинг режаларини ўзгартириб юборди. Айниқса хорижда ўқиётган талабаларнинг. Навбатдаги суҳбатдошимиз Ибодуллаева Озодагул хитой тили бўйича докторантурани Шанҳай чет тиллар университетида ўқиётганди. У 2020 йилнинг май ойида ўқишни тугатиши керак бўлган, лекин пандемия унинг ҳам режаларини ўзгартириб юборган. Суҳбатдошимиз айни дамда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг хитой тили факультетида дарс бермоқда. Хитойда талаба, Ўзбекистонда ўқитувчи бўлган қаҳрамонимиз билан икки мамлакат таълимидаги фарқ ва Хитойдаги ҳаёт ҳақида гаплашдик.

– Аввало Хитой тилини ўрганиш истаги қандай пайдо бўлгани ҳақида гапириб берсангиз. Ахир бу осон тил эмас.

– Мен Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги лицейда ўқиганман. У ерда ўқувчиларнинг асосий мақсади ўқишни айнан шу институтда давом эттириш бўлади. Мен ҳам шу мақсад билан ўқиб, 2009 йил Хитой тили факультетида ўқишни давом эттиришга қарор қилдим. Тўғриси, у вақтда хитой тилини умуман билмасдим, ахир кириш имтиҳонида ҳам хитой тилидан имтиҳон топширмаганмиз. Институтда хитой тили факультети 2008 йилда очилган эди. Бизга биргина хитойлик ўқитувчи дарс берарди. Ҳозир Самарқандда хитой тилини ўқитиш ривожланди, кўпчилик бу тилни ўрганиб олди.

Очиғи, бошида бу факельтетга ўқишга топшириб, афсусланганман, чунки хитой тилини ўрганиш жуда қийин. Иероглифларнинг ўзи одамнинг бошини айлантиради. Хитой тилида 3,5 мингта иероглиф бор ва сиз улардан 1,5 мингтасини билсангиз, гаплашиш учун етарли бўлади. Хитойликларнинг аксари ҳам бу иероглифларнинг ҳаммасини билмайди. Бизда, масалан, битта ҳарф битта товушни ифодалайди. Иероглифлар эса бундай эмас, улар товушларни ифодалайди. Биздаги исмлар, сўзларни хитой ёзувида ўзидай ёзиб бўлмайди, чунки биздаги товушлар уларда ишлатилмайди. Шу сабаб Хитойда ўқиётган чет элликларга ўзлари исм қўйиб олишади.

– Хитой тили ҳам худди бошқа тиллар каби грамматика, фонетика каби бўлиб ўргатиладими?

– Ҳа, лекин хитойчада урғу ва талаффузга алоҳида эътибор берилади. Агар сиз хитойчада тўғри гапирсангиз-да, урғу ва талаффуз кўнгилдагидек бўлмаса, хитойликлар сизни тушунмайди. Айнан урғулар Хитойдаги шеваларда ҳам фарқ юзага келтиради. Масалан, Гуанжоу ва Шанҳай шевасида фарқ бор.

– Хитойга қандай бориб қолдингиз?

– Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқишни битираётган вақтимда ҳам ўз билимимдан қониқмадим. Фаолиятимни институтнинг ўзида хитой тили ўқитувчиси бўлиб давом эттирдим. Ўшанда хитой тили бўйича магистратурани Хитойдаги олийгоҳларда давом эттириш бўйича грант эълон қилинди. Мен унда қатнашдим ва грантни қўлга киритдим. Унга кўра, барча харажатларни Хитой томони кўтариши мени жуда хурсанд қилди, чунки ота-онам 4 йил контракт тўлаб ўқитишганди. 2 йил магистратурада ўқигач, яна Самарқандга қайтиб, чет тиллар институтида дарс беришда давом этдим. Менда яна Хитойда ўқиш истаги сўнмаганди ва энди докторантурада ўқиш ҳақида ўйлай бошладим. Интернетда бундай грантлар борлигини кўриб, унда қатнашиб, яна грант ютиб олдим. 2017 йил докторантурага кирдим ва 2020 йил май ойида илмий ишимни ҳимоя қилишим керак эди.

– Бу вақтда эса Хитой аллақачон карантинга ёпилган эди...

– Афсуски, шундай. Хитойда 2020 йил январ ойи охиридан бошлаб, хорижлик талабаларни чиқариб юборишни бошлади. Бу вақтда эса мен уйга қайтган эдим. Хитойда шундай тартиб бор: хорижлик талабаларга бир йилда икки марта уйга бориш учун таътил берилади. Январ бошида уйга қайтган бўлсам, у вақтда Хитойнинг ўзида ҳам пандемия ваҳимаси йўқ эди. Биз ўқишни қачон давом эттиришимиз аниқ эмас, университетимизнинг чет эллик талабалар билан ишлаш бўлими билан алоқадамиз ва улар фақат янгилик кутишимиз кераклигини айтишмоқда.

– Хитойликлар пандемия бўлмаган вақтда ҳам ниқобда юради, дейишади, шу гап ростми?

– Ҳаммаси эмас, лекин кўпчилик кўчаларда, жамоат жойларида ниқобда бўлади. Биринчидан, ҳаво сабаб. Бундан ташқари уларда мана шундай гигиеник анъана шаклланган.

– Хитойда хорижлик талабалар кўпми?

– Ҳа, айниқса Шанҳайда. Африкадан, Европадан, араб мамлакатларидан кўпчиликни учратишингиз мумкин. Уларнинг аксари хитой тилини ўрганиш учун грантлар асосида боришган, лекин ўз ҳисобидан Хитойга бориб ўқийдиганлар ҳам кўп. Хитойда бутун дунё бўйлаб хитой тилини тарғиб қилиш тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Яъни, бутун дунё бўйлаб хитой тили мутахассислиги бўйича талабалар учун грантлар эълон қилинади. Грантни ютганлар маҳаллий олийгоҳларда Хитой томонининг ҳисобидан яшаб, ўқиш имконига эга бўлади. Хитойда хорижликлар учун ўртача контракт тўлови бир йил учун 3-4 минг доллар атрофида.

Хитой ўзида мавжуд бўлган Конфуций институтининг бошқа давлатларда ҳам филиалларини очиб келмоқда. Масалан, Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам бундай филиал бор. СамДУ университети олдидаги Конфуций боғи ҳам Хитой томони билан ҳамкорликда барпо этилган. Хитой ўз маданиятини дунёга ёйишга алоҳида эътибор беради.

– Умуман хитой тилини билмаган Хитойга борган одам яшаб кета оладими?

– Қийналади, ҳеч бўлмаса инглиз тилини билиши керак. Хитойда кўпчилик инглиз тилида гаплаша олади, айниқса Шанҳайда. Чунки у ерда чет элликлар кўп. Нафақат талабалар, балки ишлагани борган хорижликларни ҳам тез-тез учратиш мумкин.

– Шу ўринда бир савол туғилади. Хитой ёзувида 3,5 мингта иероглиф бор дедингиз. Лекин телефонда клавиатуралар кам. Бунча кўп белгидан телефонда қандай фойдаланиш мумкин?

– Хитойликлар бунинг ҳам ғамини ейишган. Телефонда қайси товушни ёзмоқчи бўлсангиз, инглизча клавиатурада унинг бош ҳарфини ёзсангиз, махсус иловадаги клавиатурада сизга хитойча иероглифлар кўрсатилади ва уларни танлаб бемалол хитойча ёзишингиз мумкин.

– Энди бевосита Хитойдаги таълим ҳақида гаплашсак. Айтайлик, Хитойда талаба бўлиш нима дегани? Масалан, бизда эрталаб уйғониб, эринибгина дарсга бориб, тушгача дарсда ўтирган бўлиб, кейин ёки уйга қайтиш ёки қаердадир ишлаш ёки умуман дарсга бормай, ҳар замонда олийгоҳда кўриниб келиш талабалик дейилади. Ҳар ҳолда одамларда талаба ҳақида мана шундай таассурот шаклланган. Хитойда талаба бўлиш нима дегани?

– Хитойда, мен сизга айтсам, талаба бўлиш осон эмас. Талаба катта босим билан ўқийди. Масалан, Шанҳай ёки бошқа катта шаҳарлардаги олийгоҳларда ҳамма ётоқхонада яшайди. Чет элликлар ҳам, хитойликлар ҳам. Уйдан қатнаб ўқиш деган нарса йўқ. Хитойликлар жуда тартибли миллат. Талабалар уйғонгач, нонуштадан аввал спорт билан шуғулланишади, ҳамма бир вақтда ётоқхона ошхонасида ташкил қилинган нонуштани ейди, кўчадан овқат еб келиш деган нарса йўқ. Эрталаб 08:00 да ўқиш бошланади, соат 11:00 да тушлик бўлади. Овқат учун ўзингиз пул тўлайсиз, лекин ҳаммаси университет томонидан ташкиллаштириб қўйилади. Тушликдан кейин яна кечгача дарс бўлади. Хитойлик талабаларнинг энг яхши жиҳати шуки, ўқиш тугаши билан ётоқхонага бориб ётиб олмайди ва кутубхонага боришади. Кутубхона ҳам шунга яраша катта қилиб қурилган. Бунга ишониш қийиндир, лекин кечаси 22:00 да ҳам кутубхоналар очиқ бўлади ва у ерда талабалар ўқиб ўтиришади.

– Ётоқхоналарда шароит қанақа?

– ОТМлар маҳаллий талабалар учун алоҳида, хорижликлар учун алоҳида ётоқхона ташкил қилган. Тўғриси, биз яшайдиган хорижликлар учун ётоқхонада шароит маҳаллий талабалар турар жойидан ҳам яхшироқ. Бир хонада икки киши яшайди, овқат қилиш учун ҳам шароит яратилган. Бусиз қийин, чунки маҳаллий овқатларни ҳамма ҳам ея олмайди.

– Илмий ишингиз қайси мавзуда?

– Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий алоқалари мавзусида. Ҳар бир докторантга, бизда диплом раҳбари деб ўрганишган, махсус мутахассис бириктирилган. Икки йил давомида фақат илмий иш мавзуси устида ишлаймиз. Докторантуранинг биринчи йилида эса мутахассислик бўйича фанлар ўқитилган. У ерда ҳам талабалар бизга ўхшаб мақола чиқариши, халқаро конференцияларда қатнашиши керак. Лекин бизда илмий иш қиладиганларни кўп қийнашади. Қайси маънодаки, сифатга эмас, сонга эътибор беришади. Масалан, илмий ишни ёқлаш учун фалонта мақола чиқиши керак, дейишади. Лекин бу мақолаларнинг сифати қанақа бўлишига қарашмайди. Хитойда эса бундай эмас, мақола арзирли бўлса, ўзлари чиқариш мумкин бўлган журнални тавсия қилишади.

– Хитой қисқа вақтда дунёнинг энг бой иккинчи давлатига айланишни илмсиз эплай олмаган бўларди. Хитой таълимида мавжуд бўлган қайси жиҳат бизнинг таълимда ҳам бўлишини хоҳлардингиз?

– Аввало, Хитойдаги таълим назоратини жорий қилган бўлардим. Уларда ёшликдан болаларнинг ўқиши жиддий назорат қилинади ва катта бўлгач, мана шу яхши маънодаги босимда ўқишга одатланади. Бизда ҳам ёшлар ким бўлишини мактаб давриданоқ белгилаб олиши керак, деб ўйлайман. Яъни болаларга ким бўлишини ёшликда белгилаб олишига ёрдам бериш керак. Айтайлик, 18 ёшда хитой тилини ўрганишни бошлаган одам қийналади. Худди мен каби. Биз болаларимизни шунчаки мактабда, шунчаки олийгоҳда ўқияпти, дейиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Уларни назорат қилишимиз, ўқишини талаб қилишимиз керак.

Бизда битта чет тилини билган одам жуда зўр кадр сифатида ишга олинади, лекин Хитойда бундай эмас. У ерда рақобат шунчалик каттаки, шунчаки битта тил билиш сизга устунлик бермайди. Ахир у ерда миллиарддан ортиқ одам яшайди. Хитойда ишга кириш ҳам осон эмас. Бакалавр дипломини олган хитойлик ишга кириш учун жиддий савол-жавоб кўринишидаги имтиҳонга тайёрланиши керак. Ўша суҳбатдан ўтсагина ишга олишади. Хитойликлар ишга кириш учун бўладиган ўша суҳбат нима эканини ёшликдан ҳис қилади ва шу сабаб тўғри келган йўналишда ўқиб кетавермай, болаликдан бир хил касб бўйича ўқишга ҳаракат қилади.

– Хитойда ишлаш ниятингиз борми?

– Буни орзу қиламан, десам ҳам бўлади. Мен ўқийдиган Шанҳай жаҳон тиллари институтида ўзбек тили йўналиши очилган. Қанийди ўша ерда ишлагани қолиб, хитойлик ёки бошқа миллат вакилларига ўзбек тилидан дарс берсам. Кўпчилик учун ғалати бўлиши мумкин, лекин хитойликлар ҳам ўзбек тилини ўрганишади, бундайларни биламан.

– Нима учун?

– Масалан, Ўзбекистонга келиб бизнес қилиш учун. Ўзбекистон дунёга очилаётган бир вақтда бу табиий ҳол, менимча. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳам Хитойга худди улар бизга юборгани каби грантлар юбориб туради, бизда ҳам ўзбек тилини тарғиб қилиш дастурлари бор.

– Хитой ҳақида ўқиганда ғалати маълумотларга дуч келиш мумкин. Масалан, дунёнинг энг бой иккинчи мамлакати бўлган Хитойда яшаш қийин, дейишади. Чиндан шундайми?

– Бу айни ҳақиқат. Юқорида айтилганидек, у ерда рақобат катта. Масалан, бизда эркак киши пул топиб, аёл киши ўша пулни саришта қилиб сарфлаши одатга айланган. Лекин хитойлик оилада фақат эркак кишининг ишлаши етарли бўлмайди. У ерда ҳамма ишламаса, оила қийналиб қолади. Мана шу маънода яшаш қийин.

– Ўзбекистондан борганлар Хитойда овқатланиши осон бўлмаса керак?

– Албатта, овқатланиш масаласи жиддий муаммо. Тўғриси, маҳаллий овқатлар бизга тўғри келмайди. Яхшиси одам ўзи тайёрлагани яхши, чунки дўконларда ҳар қандай маҳсулот топилади, озиқ-овқат нархи арзон. Ёки бўлмаса Хитойда уйғурча ошхоналар кўп, уларнинг ошхонаси бизникига яқин.

– Очиғини айтиш керак, Хитойни бизда бошқача тасаввур қилишади. Хорижлик учун Хитойда яшаш аслида қандай?

– У ерда хорижликларга яхши муносабатда бўлишади. Чунки Хитой ҳақида ёмон муносабатда бўлишларини исташмайди. Кўчаларда ҳам чет элликларни ҳурмат қилишади, ёрдам беришади. Балки шунинг учун ҳам хорижлик талабаларнинг ётоқхонаси маҳаллий талабаларникидан яхшироқдир.

– Ўқитувчи сифатида хитой тилини ўрганишни тавсия қилган бўлармидингиз? Ёшликдан бу тилни ўрганиш учун бизда шароит борми?

– Биз ўрганишни бошлаган вақтимизда шароит йўқ эди, ҳозир эса бор. Масалан, Самарқанд давлат чет тиллар институтида ташкил этилган Конфуций марказида болалар ёшликдан хитойчани ўрганишлари мумкин. Бу тил фақат Хитойнинг ўзида ишлатилса ҳам, уни ўрганса арзийди. Чунки Хитой дунёнинг бизнес маркази, Ўзбекистонда ҳам бу мамлакат билан очилган қўшма корхоналар бор.

– Хитойда маошлар қандай? Масалан, ўқитувчилар.

– Маошлар яхши, ўқитувчилар 1,5 минг доллардан кўпроқ олишади. Хусусий корхоналарда эса анча юқорироқ. Масалан, мен талаба бўлган ҳолда 500 доллар стипендия оламан. Бироқ Хитойда уй-жой жуда қиммат. Айниқса мен яшайдиган Шанҳайда. Шу сабаб кўпчилик ижарада яшайди. Бу борада эса жуда зўр тизим ишлаб чиқилган. Мобил илова орқали шаҳарнинг исталган ҳудудидан ижарага уй буюртма қилиш мумкин. Яхши шароитли уйни бир ойга 500-600 долларга ижарага олиш мумкин.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

Мавзуга оид