Бир неча йилки Шаҳрисабз шаҳри ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида қолиши масаласи савол остида турибди. Яқиндагина ЮНЕСКО вакиллари шаҳарда бўлиб, тарихий ёдгорликлар ҳолатини ўрганиб кетишди.

2019 йил Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида ҳам мазкур масала танқидий кўриб чиқилиб, Шаҳрисабз «йўқ бўлиш хавфи остида қолган объектлар» рўйхатида қолдирилган эди.

Бу муаммонинг юзага келиши 2016 йилда мазкур тарихий шаҳарда ЮНЕСКО билан ўзаро келишилмай кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилгани билан боғлиқ.

2019 йилда ЮНЕСКО томонидан Шаҳрисабз тарихий мажмуасини сақлаб қолиш учун бир қатор тавсиялар ва икки йил муддат берилган. Яқинда ана шу муддат ўз ниҳоясига етади ва шаҳарнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси таркибида қолиш-қолмаслиги ҳал бўлади.

Хўш, шаҳар қандай қилиб нуфузли ташкилот рўйхатидан чиқиш даражасига келиб қолди? Энди Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида қолиш учун қандай аниқ ишлар қилиняпти? Kun.uz мухбири айни вақтда Самарқандда бўлиб турган Қурилиш вазири Ботир Зокировга шу саволлар билан мурожаат этди.

«Шаҳрисабздаги қурилишларда ўзим ҳам қатнашганман. Битта катта муаммоларнинг бири шу. У ерда бўлган асосий муаммо – лойиҳалар ўз вақтида ЮНЕСКО билан келишилмагани. Лойиҳага таклиф ишланади, кейин уни ЮНЕСКО тизимидаги ташкилотлар экспертиза қилади. Шундан сўнг лойиҳаларни қайтадан ишлашга ёрдам беради... Бу ишларга икки йил вақт кетади.

Мисол учун, биз ҳозир Хива шаҳрида ишлаяпмиз, тақдимот ҳам қилишимиз мумкин. Унда таклиф ишланади, археологик экспертиза олинади, жуда кўп тартиблари бор. Буларнинг бари амалга оширилгач, ЮНЕСКО рухсатидан кейин иш бошланади. Шу сабабдан Хивада икки йилдан буён ишлаяпмиз.

Шаҳрисабзда эса, қўпол қилиб айтганда, ўша вақтда бизда бу тажриба бўлмаган. Маданият вазирлиги томонидан қилинадиган ҳужжатлар ҳам ўз вақтида ишланмаган. Шу сабабдан ана шу муаммо келиб чиққан.

Ўйлайманки, Шаҳрисабз ЮНЕСКО рўйхатидан чиқиб кетмайди», – деди вазир.

Ботир Зокиров Шаҳрисабз шаҳридаги қурилиш ишларидан олдинги вазиятни ҳам шарҳлаб ўтди.