18:39 / 20.04.2021
9641

Шаҳрисабз туман ҳокими ўринбосари иккинчи марта маъмурий жавобгарликка тортилди

Ҳоким ўринбосари фермер хўжалиги манфаатида чиқарилган ҳал қилув қарори ижросини таъминламаган.

Шаҳрисабз туман ҳокими ўринбосарларидан бири қонунбузилиш ҳолати содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди.

Қайд этишилича, мансабдор шахс туманда фаолият юритувчи фермер хўжалиги манфаатида чиқарилган суд қарори ижросини таъминламагани учун 2020 йил июнда жавобгарликка тортилган эди. Шунга қарамай, мансабдор такроран қонунни бузган.

Хусусан, Бизнес-омбудсманга фермерлардан бири мурожаат қилиб, маъмурий суднинг фермер хўжалиги манфаатига чиққан ҳал қилув қарори ижросини таъминлашда ёрдам сўраган.

Бизнес-омбудсман суд қарорини қонунда белгиланган тартибда ижро қилиш тўғрисида хулоса киритган, хулоса тегишли тартибда ижро қилиш учун туман ҳокимининг ўринбосарига йўналтирилган. Аммо у суд қарори ижросини таъминлаш чорасини кўрмаган.

Натижада маъмурий баённома тузилиб, ҳоким ўринбосари жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2021 йил 23 февралдаги қарори билан маъмурий жазо чораси сифатида такроран жаримага тортилган.

Top