«Энди иложи йўқ, болангни олиб кетавер» дейишларидан қўрқиб яшайман...». Ҳиндистонда қолган Жамшидбекка ёрдам зарур
Жамшидбек 4 ёшда. Шу 4 йилнинг ярмини – 2 йилини мураккаб даволанишларда, шифокорларнинг доимий назорати остида ўтказган. Бугун у ота-онаси билан Ҳиндистонда, ҳар бир кўзга нажот билан тикилиб турибди.
«Ўғлим Жамшидбек Қудратиллаев 2 ёшигача ўйнаб-кулиб катта бўлганди. Қорнида тангадек қаттиқ жой пайдо бўлди ва инжиқлана бошлади. Ўзимиздаги шифокорларга кўрсатдик, Фарғона шаҳридаги онкология марказига жўнатишди. Ўша ерда дилимизни титратган ташхисни эшитдик – болам жигар ракига чалинган экан...
Вазиятдан келиб чиқиб, Тошкентга бордик ва 8 курс кимё терапия олдик. Бир марта операция қилишга муваффақиятсиз уринишди ҳам. Шунда бизга бу касалликни даволаш учун мураккаб операция зарурлиги, уни Ҳиндистонда қилиш мумкинлигини айтишди. Яхши инсонлар, ҳомийлар кўмаги билан пул тўплаб, 2021 йил 27 январ куни Ҳиндистонга учиб келдик.
Бу ерда ҳам мураккаб кимё терапия муолажаларини олдик ва операцияга тайёрлана бошладик. Аммо касаллик бошқа аъзоларга хавф солгани учун ҳам бу жараён мўлжалдагидан ортиқ давом этди ва тўплаган 17 минг доллар пулларимизни сарфлаб юбордик. Олдинда яна қанча муолажалар ва операция турибди. Кўпчилик бу касалликда илинж йўқ дейди, лекин мен бунга ишонмайман, боламни соғ-омон олиб кетишга умидим бор.
Ҳар онда шифокорнинг кўзига ҳадик билан қарайман, «энди иложи йўқ, болангни олиб кетавер» дейишларидан қўрқиб яшайман. Чунки бундай ҳоллар ҳам кўп бўларкан, афсуски. Бахтли инсонлар муқаддас Рамазон кунларида фарзандлари билан бир дастурхон атрофида хотиржам ўтирибди ва соғлик неъматини балки бизчалик билмас ҳам. Лекин мен ҳар сафар боламга қараганимда бутун умрим кўз олдимдан ўтади», – дейди Жамшидбекнинг отаси Иззатилло Абдураҳмонов.
Азизлар! Савоб каррасига кўпайтириб бериладиган кунларда яшаяпмиз. Бир юртдошимиз фарзанди билан мусофирчиликда чекаётган азобини енгиллаштиришга ҳисса қўша олсак, марра бизники.
Жамшидбек Қудратиллаевга оид маълумотлар:
UzCard: 8600060418253424 Халқ банки, аммаси Гулмира Ибрагимова номида
Сбербанк: 5469380072618282 қариндоши Мамиржон Азимов номида
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024