Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда юраги хаста бўлган 17 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун деярли ярим миллиард сўм ажратилди
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида «Халқ дарди билан яшайлик!» шиори остида хайрия тадбири ташкил этилди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд фуқароларга юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан мураккаб кардиологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиши белгиланган 17 нафар фуқаро учун жами 495 миллион сўм маблағ ажратилганлиги маълум қилинди.
«Мазкур беморларнинг айримлари эҳтиёжманд, «Темир дафтар»га киритилган, бошқалари эса ногиронлиги бор шахслар ҳисобланади. Улар узоқ йиллар давомида юрак билан боғлиқ оғир хасталиклардан азият чекиб келишган. Ўтказилиши зарур бўлган мураккаб жарроҳлик амалиётлари харажатлари учун маблағ топишда муаммоларга дуч келишган», - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
Ушбу беморлар вилоят ҳокимининг онлайн мурожаатлар манзилига мурожаат қилган. Ўртача 20 миллиондан 35 миллион сўмгача баҳоланадиган мазкур операцияларнинг барча харажатлари «Саховат ва кўмак» жамғармасидан қопланадиган бўлди. Шу тариқа мазкур маблағлар ҳисобидан 17 нафар беморда клапан протезлаш, окклюдер имплантацияси, коронарография стентлаш, аортакоронар шунтлаш сингари юқори технологияли, мураккаб операциялар амалга оширилади.

Операциялар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида амалга оширилади. Филиал замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Ҳозирда Германия, Россия каби давлатларда таҳсил олган малакали шифокорлар иш олиб бормоқдалар.
Вилоят ҳокими тадбирдан сўнг филиалда даволанаётган бир гуруҳ беморлардан ҳол-аҳвол сўраб, уларга шифо тилади. Шифохона фаолияти билан танишди.
Аввалроқ, Яккабоғда ўтган тадбирда вилоят ҳокими маҳаллий бюджетдан 460 миллион сўм ажратилаётганини айтганди.
Мавзуга оид
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026