09:59 / 23.04.2021
3009

Ўзбекистон МДҲнинг саноат соҳасидаги битимига қўшилди

Президентнинг «Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

МДҲ иштирокчи-давлатларининг саноат соҳасида ҳамкорлиги ва саноат сиёсати бўйича кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги битим 2012 йил 30 майда Ашхобод шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган.

Битим тарафлари қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилади:

  • саноат сиёсати бўйича қарорларни ўзаро келишилган ҳолда ишлаб чиқиш;
  • саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича МДҲ доирасида қабул қилинган халқаро шартномалар ва қарорлар ижросини таъминлаш;
  • битим иштирокчи-давлатларининг алоҳида саноат тармоқлари бўйича ҳамкорлик асосий йўналишларини белгилаш, саноат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини келишиш, қўшма дастурлар ва лойиҳалар рўйхатини шакллантириш;
  • саноат тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлар рақобатбардошлигини ошириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган саноат соҳасидаги ҳамкорликдаги хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул ваколатли орган этиб белгиланди.

Top