22:38 / 25.04.2021
80013

Ҳиндистондаги вазият: ҳар куни минглаб одам ўлмоқда, дафн гулханлари тун-у кун ёнмоқда

Ҳиндистонда қаторасига тўртинчи кун коронавирус билан касалланиш бўйича кунлик ҳолатлар рекорд қайд этди — сўнгги бир кунда 360 мингдан ортиқ янги ҳолатлар аниқланди. Мамлакатда ҳар куни минглаб кишилар касаллик қурбони бўлмоқда. Расмий маълумотларда бу рақам — уч мингга яқин, аммо маҳаллий аҳоли кўрсаткичлар бундан ҳам ёмонроқлигини айтмоқда.

Фото: Amal KS/Hindustan Times via Getty Images

Деҳли ва бошқа йирик шаҳарларда ўлаётганлар сони шу қадар кўпки, жасадларни кундузи ҳам, кечаси ҳам тўғридан тўғри кўчаларда ёқишга тўғри келмоқда. Кўча крематорийларидан бирининг ходими, юзага келган вазият урушни эслатишини айтиб ўтган.

Ҳиндистонда апрель ойи бошида коронавирус инфекциясига чалиниш кўрсаткичлари кескин ўсиб кетди. Март ойи охирида аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил этувчи ушбу мамлакатда кунига COVID-19 билан боғлиқ 70 минг ҳолат қайд этилаётганди, апрель ойи бошида кунлик ўсиш 100 мингдан ошди, 22 апрелга келиб бу кўрсаткич илк бор 300 мингдан ошди — 314 835, бу пандемия бошидан буён дунё рекорди эди. Шунингдек, шу куни кунлик ўлим кўрсаткичлари 2 мингдан ошди ва муттасил ошишда давом этмоқда.

Ҳиндистон шифохоналарида нималар бўлмоқда?

Мамлакатдаги шифохоналарда койкалар ва кислород етишмовчилиги юзага келган. Касалхоналар беморларни қайтармоқда, айрим оилалар дори-дармон учун «қора бозор»га мурожаат қилмоқда. BBC мухбири аниқлашича, бундай жойларда дориларни расмий нархидан беш баробар юқори нархларда таклиф этишмоқда.

Деҳли шаҳри маъмурияти раҳбари ўринбосари Маниша Сисодиянинг айтишича, пойтахтдаги шифохоналарда кислород умуман қолмаган.

Деҳлида олий суд ҳукуматни шаҳардаги шифохоналарга кислород баллонлари етказиб бера олмагани учун лаёқатсизликда айблади. 

Шунингдек, суд федерал ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб кислород баллонларини ишлаб чиқарувчилардан шифохоналарга узлуксиз таъминлаб бериши шартлиги ҳақида ҳукм чиқарди. Ҳукумат бунга жавобан шундоқ ҳам штатларга кислород баллонлари узлуксиз етказиб берилаётганини маълум қилди.

Отасининг жасади олдидаги бола, Нью-Деҳли, 24 апрель
Adnan Abidi / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳиндистон эпидемияни қандай жиловлаб келаётганди?

Ўтган йили Ҳиндистонда бутун мамлакат бўйлаб умуммиллий карантин жорий этилганди. Бу йил эса бу масала ҳар бир штатнинг ўзига ҳавола қилинди.

Деҳлида ўтган ҳафта охирида бир ҳафталик карантин жорий этилганди. Фақат энг зарур маҳсулотлар сотиладиган дўконлар, дорихоналар ва касалхоналар очиқ қолдирилган.

Пандемиядан энг кўп жабр кўрган Махараштра штати расмийлари ҳам янги чеклов чоралари жорий этган. Бу штатда кунлик касалланиш ҳолатлари кескин ўса бошлагач, 14 апрелдаёқ карантин чоралари қатъийлаштирилганди.

Махараштра - Ҳиндистоннинг энг бой штати, унинг ҳудудида мамлакатнинг молиявий маркази - Мумбай жойлашган. Мамлакатдаги жами касалланиш ҳолатларининг тўртдан бир қисми шу штат ҳиссасига тўғри келади. 200 мингга яқин ўлим ҳолатининг учдан бир қисми шу штатда қайд этилган.

Ҳиндистонда вакцинация жараёни қандай кечмоқда?

Қарийб бир ярим миллиард аҳолига эга бўлган Ҳиндистонда бугунги кунга келиб 140 миллионга яқин киши вакцина қабул қилган. Ҳозирча фақат соғлиқни сақлаш соҳаси ва шошилинч хизматларнинг 45 ёшдан катта бўлган ходимлари ва сурункали касаллиги бор шахслар эмланмоқда.

22 апрел куни Pfizer Ҳиндистон ҳукумати билан арзонлаштирилган баҳоларда Covid-19га қарши вакциналар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.

1 май кунидан вакцина 18 ёшдан катталарнинг барчаси учун мумкин бўлиши кутилмоқда. Аммо вакциналарни етказиб беришдаги узилишлар туфайли вакцинация дастури янада секинлашиши мумкин.

АҚШ ҳукумати Ҳиндистонда коронавирус инфекциясига чалиниш даражасининг кескин ўсиши муносабати билан мамлакатга қўшимча кўмак кўрсатади.

«Биз COVID-19’нинг даҳшатли авж нуқтасига келиб қолган Ҳиндистон халқига ҳамдардлик билдирамиз. Шерикларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз ва биз Ҳиндистон халқига ва соғлиқни сақлаш хизматларидаги қаҳрамонларга қўшимча ёрдам кўрсатамиз», деб ёзди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен твиттерида.

Иккинчи тўлқинга нима сабаб бўлди?

Ўтган ойда Ҳиндистонда кунлик касалланиш ҳолатлари тез суръатларда оша бошлади. Бунинг бир неча сабаблари келтирилмоқда: биринчидан, январ ойида кунлик касалланиш кўрсаткичлари 10 мингдан пасайгач, аҳоли умумий хавфсизлик чораларига риоя этишни тўхтатишди, ёш ҳиндлар тест топширмай қўйишди. Иккинчидан, ҳукумат карантин чораларини юмшатди ва оммавий тадбирларга рухсат бериб юборди, баҳорда ҳиндларнинг диний байрамлари - Кумбха Мела ва Холи байрамлари кенг нишонланди. Бу тадбирларда юз миллионлаб кишилар иштирок этди, натижада вирус мутацияга учраб, ҳиндча штамм пайдо бўлди - уни иккиланган мутант деб аташмоқда.

Миллий вирусология институти маълумотларига кўра, Махараштра штатида мусбат натижа берган тест намуналарининг 61 фоизи шу штамм билан боғлиқ.

Танқидчилар иккинчи тўлқин сабабларидан яна бири сифатида вакцинация кампанияси тартибсизлик билан олиб борилаётганини, шунингдек, ҳукумат сайловларни кейинга қолдирмасликка қарор қилганини кўрсатишмоқда. Расмийлар сайловолди митингларини бекор қилмади, ҳозирда Ғарбий Бенгалия штатида кўп босқичли сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Дафн идоралари тиним билмай ишламоқда, жасадларни ёқишга улгуришмаяпти

Кремацияга навбат. Уттар-Прадеш штати, Газиабад шаҳри. 17 апрель
Sakib Ali / Hindustan Times / Getty Images
Крематорийга олиб келинган марҳумнинг яқинлари, Махараштра штати, Пуна шаҳри. 19 апрель
Pratham Gokhale / Hindustan Times / Getty Images
Naveen Sharma / SOPA Images / LightRocket / Getty Images
Divyakant Solanki / EPA / Scanpix / LETA
Нью-Деҳлидаги гулханхона. Дрон орқали олинган сурат
Danish Siddiqui / Reuters / Scanpix / LETA
Нью-Деҳлидаги крематорий. 19 апрель
Amal KS / Hindustan Times / imago / Scanpix / LETA
Danish Siddiqui / Reuters / Scanpix / LETA
Amal KS / Hindustan Times / Scanpix / LETA
Adnan Abidi / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top