Ўзбекистон | 21:17 / 26.04.2021
16866
2 дақиқада ўқилади

Qanot Sharq Airlines'да чипта нархи МАКдан 30 фоизга арзон бўлади — Носир Aбдуғаффоров

Qanot Sharq Airlines авиакомпаниясида парвозлар нархи Uzbekistan Airways'никига қараганда тахминан 30 фоизга арзон бўлади. Бу ҳақда компания асосчиси Носир Aбдуғаффоров Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Абдуғаффоровга кўра, компания самолётларида бизнес класс ўриндиқлари бўлмайди.

«Бизда тўлиқ эконом класс бўлади. Шунинг ҳисобига йўловчи жойлари кўпроқ бўлгани учун чипта нархини ҳам арзон қиламиз. Uzbekistan Airways'га қараганда камида 30 фоиз арзон қилсак керак», – деди у.

Qanot Sharq Airlines раҳбарига кўра, компаниянинг 26 апрел куни олиб келинган илк самолёти – Airbus A320 жами 174 нафар йўловчига мўлжалланган.

«Илк парвозни 2 ойдан кейинги режалаштиряпмиз. Ҳозир биринчи самолётимизни божхонадан ўтказиш, кейин Ўзбекистонда регистрация қилиш ва ўзимиз ҳам сертификация қилишимиз керак. Шунга тахминан, 1,5-2 ой вақт кетади.

Худо хоҳласа, 2 ойдан кейин биринчи парвозни бошласак керак. Ўзи авиакомпания очганда камида 2та самолётдан бошлаш керак. Чунки биттаси учаётганда бирор нарса бўлиб қолса, ўрнига албатта захира самолёт бўлиб туриши керак», – деди авиакомпания муассиси.

Кейинги 20 кун ичида Qanot Sharq Airlines'нинг иккинчи Airbus A320 самолёти етиб келиши кутилмоқда. Йил охиригача эса Airbus A330 самолётидан иккита олиб келиниши режа қилинган.

Авиаташувчи Истанбул ва Анқара (Туркия), Жидда ва Мадина (Саудия Арабистони), Москва ва Санкт-Петербург (Россия Федерацияси), Алмати (Қозоғистон) ва Дубай (БАА) йўналишларида авиақатновларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Беларус ва Украинага рейс қўйилиши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти.

«Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Саудия Aрабистонига мўлжалланаётган рейслар эса зиёрат туризмини ривожлантиришга ёрдам беради», – дейди Носир Aбдуғаффоров.

Абдуғаффоров Uzbekistan Airways билан рақобат ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Исталган ҳолатда 2та компания бўлгандан кейин, рақобат бўлади. Рақобат бўлгандан кейин мижозларга қанақадир янги ғоялар таклиф қилинади. Бундан фақат йўловчилар ютиб чиқади», – деди Qanot Sharq Airlines раҳбари Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид