Ўзбекистон | 08:47 / 28.04.2021
4308
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматларини кўрсатишда агентлар фаолияти ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат хизматларини кўрсатишда агентлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат президентнинг "Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 7 декабрдаги қарорини амалга ошириш ва фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорнинг 6-бандига мувофиқ:

  • тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилган;
  • агент хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ходимлари аккредитациядан ўтган нодавлат таълим муассасалари томонидан 3 йил муддатга бериладиган ҳамда кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт;
  • агент хизматларини кўрсатиш Давлат хизматлари агентлиги ягона платформаси доирасида амалга оширилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати.

Низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • сертификат олиши учун бажарилиши лозим бўлган талаблар;
  • ўқув курсларини ташкил этиш, малака имтиҳонини ўтказиш ва сертификат бериш тартиби;
  • сертификатни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш тартиби;
  • сертификат берилган агентлар реестрини шакллантириш ва юритиш.

Низомга асосан тадбиркорлик субъекти қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

  • давлат хизматини кўрсатиш учун камида 15 квадрат метр майдонга эга бўлган бино мавжудлиги;
  • давлат хизматини кўрсатувчи ҳар бир ходим компьютер ва бошқа зарур ташкилий техника билан таъминлангани;
  • камида 5 киши учун мўлжалланган кутиш ўриндиқлари мавжудлиги;
  • банк ҳисобварағига, назорат-касса техникаси ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларига эга бўлиши.

Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат хизматларининг 13 тури кўрсатилиши тақиқланади. Улар орасида - тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиш ва тугатиш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш (туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, оталикни белгилаш ва ҳ.к.) ва бошқалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид