Ўзбекистон | 07:49 / 29.04.2021
9681
7 дақиқада ўқилади

Хорижда пулсиз қолган ватандош қай тартибда ёрдам олиши мумкин? — ТИВ вакили билан суҳбат

Чет элда оғир молиявий ҳолатга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун қарз бериб турилади. Kun.uz мухбири шу мавзудаги саволларга Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғидан жавоб олди.

Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан, Ўзбекистон фуқароларига хорижда яшаш учун пулсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Kun.uz ушбу масала юзасидан батафсил маълумот олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи Бурҳон Алиқулов билан суҳбат уюштирди.

«Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги кунда чет давлатларга ишлаб, ўқиб ва сайёҳлик мақсадларида юрган кўплаб юртдошларимиз турли хил вазиятларга тушиб қолиши мумкин ва бундай ҳолат бор. Бу ҳужжат Ўзбекистон ўзининг фуқароларига ва уларнинг тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади.

Бунга эҳтиёж катта эди, қийин аҳволдаги фуқароларимизга ёрдам бериш масаласида бизга жудаям кўп мурожаатлар келиб тушади. Ушбу ҳужжат ёрдамида йиллар давомида шаклланган ушбу муаммога ҳуқуқий ечим ва тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди», – дейди Бурҳон Алиқулов.

— Хорижда қийналиб қолган фуқароларимизга бериладиган қарз миқдори қандай аниқланади?

— Қарорнинг иловасида ҳар бир давлатдаги кундалик яшаш ва транспорт ҳаражатлари ўрганилиб, шунингдек бу борадаги хорижий тажрибалар, Ўзбекистондаги ички шароитлар ҳам ўрганилиб, шунга мувофиқ фуқароларга бериладиган аниқ қарз суммалари белгиланган.

Низомнинг 1-моддасига мувофиқ, ушбу қарзлар фуқароларга хорижда маблағларсиз қолган тақдирда, уларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтиб келишини таъминлаш мақсадида ажратилади. Бунинг учун фуқаро, таъминотчи ва консуллик муассасаси ўртасида уч томонлама қарз шартномаси имзоланади.

Фуқароларимиз Ўзбекистонга қайтгач, 30 кун муддатда қарзни қайтариши керак бўлади.

— Қарз маблағи қай шаклда берилади, нақд пулдами ёки бошқача шаклда?

— Элчихона, консуллик муассасалари билан фуқаро ўртасида нақд пул шаклида қарз олди-бердилари олиб борилмайди. Бу нарса тақиқланган. Тартиб шундай: аввало хорижда қийналиб қолган фуқаро ўзига яқин бўлган Ўзбекистоннинг дипломатик муассасасига мурожаат қилади. Унинг ҳужжатлари кўриб чиқилади ва қандай шаклда ёрдам берилиши аниқланади.

Агар фуқаро турар жой ёки озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжи бўлса, унга чет элдаги таъминотчи ташкилотдан маҳсулотлар олиб берилади ёки меҳмонхонасига пул ўтказилиши мумкин. Кейин Ўзбекистонга қайтиши учун энг яқин санага чипта олиб берилади.

Кўриб турганингиздек, фуқаронинг қўлига нақд пул берилмайди, лекин бирламчи эҳтиёжлари қондирилиб, Ўзбекистонга келиб олишига ёрдам берилади. Бу нарса қонунда ҳам мустаҳкамланган.

Хориждаги фуқароларимиз ҳам ушбу ҳолатни, яъни нақд пул шаклда пул берилмаслигини тушуниб олишини хоҳлардим.

— Қандай ҳолларда фуқароларга қарз ажратилади ва қандай ҳолатларда уларга қарз ажратиш рад қилинади?

— Низомга кўра, аввало қарз сўраган фуқаронинг тақдим этган ҳужжатлари ва қарзга қанчалик эҳтиёжи борлигини элчихоналаримиз ўша давлатдаги тегишли ташкилотлар ёрдамида ўрганиб чиқади. Фуқаронинг ўзи билан юзма-юз суҳбат қилинади, унинг иш берувчиси билан мулоқотлар ўтказилади. Шундан келиб чиқиб, унга қарз бериш масаласи ҳал қилинади.

Қандай ҳолатларда фуқарога қарз бериш рад этилади: аввало, Ўзбекистон фуқароси бўлмаса, унга ёрдам бериш рад этилади. Иккинчидан, қарз олиш учун ёлғон маълумотлар тақдим қилса, рад қилиш учун асос бўлади. Шунингдек, биринчи маротаба қарз олиб, уни 30 кунлик муддатда қайтара олмаган бўлса, унга иккинчи маротаба қарз берилмайди.

Бундан ташқари, хорижий давлат ҳудудида бирор ҳуқуқбузарлик содир этгани ёки унга нисбатан иш очилгани учун ўша давлат ҳудудидан чиқиб кетишига тақиқ қўйилган фуқароларимизга ҳам қарз берилмайди. Чунки улар ўз вақтида ўша давлатдан чиқиб кетолмасликлари ва қарзни ўз вақтида қайтариб беролмасликлари мумкин. Чекловлар ечилгач, унга юқоридаги шартлар асосида қарз берилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг дипломатик муассасалари мавжуд бўлмаган давлатда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз ўзига яқинроқ давлатдаги Ўзбекистоннинг элчихонаси ёки консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг аризаларини кўриб чиқиш масаласида енгиллик берилиши мумкин, яъни ўзининг келишини талаб қилмасдан, ходимларимиз онлайн суҳбатлашиши ҳам мумкин.

Қонун ҳали энди ишлаб чиқилди, унинг ишлаш жараёнини амалиётда кўришимиз керак, шунга қараб у такомиллашиб бораверади.

— Олинган қарзни қайтариш муддати сифатида 30 куннинг белгиланишини қанчалик тўғри? Ўзи қийналгани учун хорижга кетган фуқаро у ерда ҳам қийналиб қолиб, уйига қайтгач, бу муддатда пулни қайтариб бера оладими?

— Бу муддатни лойиҳа билан ишлайдиган Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Мажбурий ижро бюроси каби ташкилотлар ҳам бевосита кўриб чиқишди. Шунингдек, бу борада хорижий тажриба ҳам ўрганилиб, энг мақбул бўлган 30 кунлик муддат белгиланди.

Тўғри, буни кам деб ҳисоблаш ҳам мумкин, лекин бунга шундай қараш керакки, чет элда қийналиб қолган одамга биринчи навбатда ватанига қайтиб келишига ёрдам берилиши керак. Ўзбекистонга қайтганидан кейин пулни қайтаришга имконият барибир кўпроқ бўлади.

Балки кейинроқ бу муддатга ўзгартиришлар киритиш борасида таклифлар ҳам беришимиз мумкин, аввало ишлашини кўришимиз керак.

Яна бир ҳолат, хорижда қийналиб қолиб қарз олган Ўзбекистон фуқаролари олинган қарзни Ўзбекистонга қайтмасдан ҳам қайтариши мумкин. Асосийси, 30 кунлик муддатда қайтариш. Масалан, талабаларда бундай ҳолат кўпроқ кузатилиши мумкин. Элчихонага қарзни қайтаришда фуқароларга ҳисобрақам берилади, улар ўша ҳисобрақамга қарзни ўтказиб беради.

Фуқаролар Ўзбекистонга қайтгач, қарзларнинг ўз вақтида қайтарилишини Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси назорат қилади. Қарзларни ўз вақтида қайтармаган фуқароларга қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади, яъни олинган қарзни қайтармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари албатта мавжуд.

Қандай чоралар кўриш масаласи МИБнинг қўлида, балки бу фуқаро қарзни тўламагунга қадар чет элга чиқишини тақиқлаб қўйиш бўлиши ҳам мумкин.

Шу ўринда фуқароларимиздан чет элга чиқишдан аввал ишлайдиган жойини аниқлаштириб олиш, уларни олиб кетаётган агентликларнинг ишончлилигини текшириш ҳамда ўзлари бораётган давлатнинг мигрантларга доир қонун-қоидаларини ўрганиб олишларни илтимос қиламиз. Бу уларнинг келажакда турли ёмон ҳолатларга тушиб қолишларининг олдини олади.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид