Мусбат тест натижасига эга саёҳатчилар ва улар билан алоқада бўлган кишилар карантинга олинган меҳмонхонага жўнатилди. 

Ҳозирча, инфекцияни юқтириб олганлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТТ)ни ташвишга солаётган «ҳиндча штамм»нинг ташувчилари экани борасида аниқ маълумотлар йўқ.

«Менимча, Ҳиндистон дуч келган вазият ҳар қандай жойда кузатилиши мумкинлигини тушуниш ўта муҳимдир. Бу барча мамлакатлар учун жиддий муаммо. Чеклов чоралари юмшатилгани, одамлар яна бир гуруҳ бўлиб тўпланаётгани, коронавируснинг юқумли штаммлари мавжуд экани, эмланганлар сони эса ҳали жуда озлиги ҳисобга олинса, бу ҳар қандай мамлакат учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин», деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге. 

Ҳиндистон кунлик касалланиш бўйича рекордларни янгилашда давом этмоқда - ўтган бир кун давомида мамлакатда 379,2 мингдан ортиқ одамда инфекция аниқланди. Бу ҳатто 1,3 миллиард аҳолиси бўлган мамлакат учун ҳам жуда катта кўрсаткичдир. 

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида дунёда қайд этилган 5,7 миллион янги ҳолатларда Ҳиндистоннинг улуши 38 фоизни ташкил этади. 

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда касалланганлар сони 150 миллионга яқинлашган, ўлимлар - 3,1 миллион. АҚШ иккала кўрсаткич бўйича ҳамон етакчилик қилмоқда (мос равишда 32,2 миллион ва 574,3 минг). Бироқ, у ерда вазият юқтирганлар сони бўйича иккинчи ўринда турган Ҳиндистондан (18 миллиондан ортиқ) фарқли ўлароқ барқарорлашди. 

«Би-би-си» хабарига кўра, Вашингтон университети олимлари пандемиянинг ҳиндча сценарийсини моделлаштирди ва унинг энг юқори нуқтаси май ойининг ўрталарида юз беришини тахмин қилди.

Аммо, агар Ҳиндистонда ҳар бир киши ниқобларни тақиб юришни бошласа, ўлимлар сони ҳозирданоқ пасайиши мумкин, дейди тадқиқотчилар. 

Пандемия бошланганидан буён ушбу қоида мамлакатда тавсиявий характерга эга бўлиб келди. Яқинда миллионлаб одамлар иштирок этган Кумбха мела фестивалидан олинган фотосуратлардан кўриш мумкинки, тадбирда ниқобда бўлганлар жуда озчиликни ташкил қилган.

Аланга ичидаги Деҳли: Касалларга кислород, ўликларни ёқишга жой етишмаяпти (фото)