17:09 / 30.04.2021
4298

Мактабларда рақамлаштиришнинг 5та асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди

Кеча, 29 апрел куни АОКАда умумтаълим мактабларининг АКТ билан таъминланганлик ҳолати юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов таълим соҳасидаги рақамлаштиришнинг 5 та асосий йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бугунги кунда мактабларда ички локал тармоқ ускуналари ҳамда Wi-Fi қурилмалар билан таъминланаётган мактаблар сони ортиб бормоқда. Жумладан, шу кунга қадар 4 мингдан ортиқ мактаблар (40 фоиз) локал тармоқ ускуналари ва Wi-Fi қурилмалар билан жиҳозланган.

 2021 йил якунига қадар 7 мингга яқин мактабларни ички локал тармоқ инфатузилмаси билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

 Келгусида барча мактабларни ва улардаги компьютерларни боғловчи ягона «Электрон таълим» корпоратив тармоғи яратилиши кўзда тутилган.

 Мактаблардаги информатика хоналарини замонавий компьютер техникалари билан таъминлаш борасидаги кўрсаткичлар бугунги кунда 56,7 фоизни ташкил этмоқда. Яъни жами 15 минг 906 та информатика синф хоналаридан 9 минг 26 таси замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган. Бу кўрсаткични жорий йилда 70 фоизга етказиш кўзда тутилган.

 Халқ таълими тизимида 20 дан зиёд ахборот тизимлари ва ресурслари ишлаб чиқилиб, уларни амалда татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда», – деди вазир ўринбосари.

Рустам Каримжонов

 Унга кўра, йўналишдаги энг долзарб яна бир йўналиш масофавий таълим учун яратилаётган шарт-шароитлардир.

 «Бу борада соҳада масофавий таълим жараёнини амалиётга кенг жорий этиш, синфлар кесимида барча мавзулар бўйича видеодарслар базасини яратиш мақсадида Maktab.uz масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилган.

 Бундан ташқари, Халқ таълими тизимига оид жараёнларни автоматлаштирувчи «Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ахборот тизими (ERP) дастурий мажмуаси» босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда.  

Мактабларда АКТни жорий этишнинг яна бир муҳим омилларидан бири – бу таълим масканларини малакали кадрлар билан таъминлашдир. «Бир миллион дастурчилар» лойиҳаси бўйича 5 минг 150 нафар информатика фани ўқитувчилари малака оширмоқдалар. Мазкур лойиҳа доирасида 200 минг ўқувчилар таълим олишмоқда.

 2021 йил Давлат дастурига мувофиқ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларининг дастурлаш тиллари бўйича малакасини ошириш (Phyton, Scratch ва б.) ҳамда мактаб директорларининг АКТ саводхонлигини ошириш бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилмоқда», – деди Рустам Каримжонов.

Top