Таълим | 08:53
574
2 дақиқада ўқилади

1-синфга қабул 20 июндан бошланади

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига қабул жараёнлари жорий йилнинг 20 июнь санасидан старт олади. Бу йил мамлакат бўйича 795 мингдан ортиқ болани 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, 1-синфга қабул жараёнлари бу йил ҳам икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич 20 июндан 31 июлгача давом этади. Бу даврда аризалар боланинг яшаш манзилига бириктирилган микроҳудуд доирасида қабул қилинади.

Иккинчи босқичда эса микроҳудуддан ташқари қабул жараёнлари ташкил этилади. Бунда ўқувчиларни қабул қилиш мактаблардаги бўш ўринлар ва таълим муассасасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, «Таълим тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда 1-синфга қабул қилинади. Шу боис 2026/2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул қилинадиган болалар 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган бўлиши лозим.

6 ёшли болалар учун эса мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолият юритади.

Қайд этилишича, мактабларга онлайн қабул жараёнлари Ҳукуматнинг 2022 йил 1 июндаги 295-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилади.

Масъуллар ота-оналарга қабул жараёнлари бошланиши арафасида зарур ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш ҳамда расмий ахборот манбаларини кузатиб боришни тавсия қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид