Иқтисодиёт | 21:23 / 30.04.2021
9313
6 дақиқада ўқилади

Нарх-наво ва яшаш харажатлари: Энг қиммат шаҳарлар қандай мезонларга кўра аниқланади?

«Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари» рейтинги қандай тузилиши борасида фикр юритилади. Хўш, Тошкентда озиқ-овқат нархлари энг бой мамлакатлар пойтахтларидагидан ҳам қимматроқми? Тошкентдаги энг арзон 10 хил озиқ-овқат нархларидан келиб чиқиб, Тошкентни энг арзон шаҳарлар қаторига киргизса ҳам бўладими?

Worldwide Cost of Living - дунёда яшаш қиймати

Буюк Британиянинг «Economist Intelligence Unit» тадқиқот маркази ҳар йили «WCOL» (Worldwide Cost of Living - дунёда яшаш қиймати) дунёнинг турли мамлакатларидаги яшаш харажатларини рейтингини эълон қилиб боради.

Унда дунёнинг 133та шаҳарларидаги 160та энг муҳим товар ва хизматлар нархлари таҳлил қилинади. Нархлар Нью-Йорк шаҳри нархларига нисбатан солиштирилади. 2020 йил учун ҳисобланган рейтинг натижаларига кўра, Тошкентдаги нарх-наво Нью-Йоркдаги нархлардан 3-4 баробар арзонлигини кўрсатган. Ушбу рейтингда Париж энг қиммат шаҳар деб эътироф этилган.

Шунингдек, рейтинг натижаларига кўра, Ҳонгконг, Цюрих ва Сингапур шаҳарларидаги яшаш харажатлари ушбу шаҳарларга ташриф буюрувчилардан ҳамёнларини бир кўздан кечириб олишлари лозимлигини эслатиб туради. Ушбу рейтингда Тошкент шаҳри қимматлилиги бўйича 132-ўринни эгаллаган ёки 133 шаҳар орасида энг арзон иккинчи шаҳар (Дамашқ шаҳридан кейин) деб топилган.

Ушбу рейтингни ҳисоблаш методологияси ҳамда танлаб олинган товар ва хизматлари рўйхати шундан далолат берадики, бирор-бир шаҳарни энг қиммат шаҳарлардан бири деб хулоса қилиш учун 10 хил озиқ-овқат маҳсулотлари (4 хил цитрус мевалар, пастеризация қилинган сут, маргарин, картошка, ўсимлик ёғи, макарон маҳсулотлари ва мол гўшти) нархларини таққослаш ҳам илмий, ҳам методологик жиҳатдан нотўғри бўлади.

Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан!

Чет элларда ишлаш ёки ўқиш мақсадларида яшаб юрган ватандошлар билан четда даромад топиш билан бирга яшаш харажатлари тўғрисида ҳам суҳбатлашиб кўрсангиз, кўп ҳолларда «чет элнинг ойлигини олиб, Ўзбекистонда яшаш имкони бўлганда эди!» деган жавобни оласиз.

Дунё шаҳарларидаги нарх-наво бўйича тадқиқотлар натижалари ушбу гаплар асосли эканлигидан далолат бермоқда. Масалан, Numbeo.com сайти маълумотларига қараганда, озиқ-овқат нархлари индекси бўйича Тошкент шаҳри 138та шаҳар ичида 135-ўринда туради. Ёки бошқача айтганда энг арзон шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Масалан, бир томонлама олинадиган транспорт чипталари учун харажатлар бўйича Ўзбекистон дунёнинг 138 мамлакати орасида энг сўнгги ўринларда туради ва чиптанинг ўртача нархи 0,15 долларни ташкил этади. Ижара нархлари индексига кўра, Ўзбекистон 118-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда қиммат бўлмаган ресторанларда бир марталик овқатланиш 4 долларга тушади ва бу борада, масалан, швейцарияликлар учун орзудаги мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бола парваришига ота-она томонидан кетказиладиган харажатлар (боғча, мактабгача тўгараклар) бўйича 107 мамлакат ичида 92-ўринда туради, бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда мактабгача таълим арзон эканлигини билдиради ва ойига ўртача бир фарзанд учун 117 долларни ташкил қилади.

Коммунал тўловлар нархига назар солсак, 85 кв.м хонадон учун қилинадиган тўловлар рейтингида Ўзбекистон коммунал хизматлари энг арзон мамлакатлар орасидан жой олган (107 мамлакат орасида 105-ўрин).

Қиммат бўлмаган ресторанларда бир марталик овқатланиш нархлари бўйича дунё мамлакатлари, 2020 йил

Манба: Numbeo

Шаҳарларда озиқ-овқат нархлари қандай ҳисобланади?

Бирор шаҳарда озиқ-овқат нархларининг бошқа шаҳарларга нисбатан қимматлигини ҳисоблаш учун бир неча юз маҳсулот турлари танлаб олинади.

Таъкидлаш жоизки, маҳсулот нархига чексиз кўп омиллар таъсир этади. Шундай экан, нархларни ривожланиш даражасига боғлаш нотўғри. Апельсин нархи ва давлатлар киши бошига ЯИМ бўйича маълумотлар таҳлил қилинганда, бу икки кўрсаткич ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик аниқланмади. Апельсин нархи қиммат бўлган ривожланган давлатлар ҳам бор, ривожланаётган давлатлар ҳам бор. Апельсин нархи арзон бўлган ривожланган давлатлар ҳам бор, ривожланаётган давлатлар ҳам бор. Лимон ва банан ҳолатида ҳам шундай. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Германия каби ривожланган мамлакатда апельсин нархи 2,4 доллар бўлса, Тожикистонда ҳам апельсин нархи 2,5 долларни ташкил этади. Худди шундай, ривожланиш даражаси бир-биридан кескин фарқ қиладиган Буюк Британия ва Молдовада апельсин нархи бир-биридан унчалик фарқ қилмайди (мос равишда 1,8 доллар ва 1,6 доллар).

Манба: Numbeo

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш жоизки, бир мамлакат озиқ-овқат нархлари иккинчи мамлакат билан таққослашда турли факторларни инобатга олмаслик ҳам илмий, ҳам методологик жиҳатдан нотўғри бўлади.

Ҳар бир мамлакатнинг миллий валютаси сотиб олиш қобилияти, иш ҳақи ва пенсияларнинг сотиб олиш қобилияти таққосланади, долларга ўтказилган нархлар эмас. Бунинг учун «харид қилиш қобилияти паритети» кўрсаткичи мавжуд бўлиб, у БМТ Тараққиёт дастурининг ҳар йили чоп этиладиган таҳлилий ҳисоботларида дунё мамлакатларини инсон тараққиёти индексига кўра таққослаш учун ишлатилади. «Харид қилиш қобилияти паритети» ёки PPP (Purchasing Power Parity) бу иқтисодий маҳсулдорлик ва мамлакатлар ўртасидаги турмуш даражасини таққослайдиган машҳур макроиқтисодий таҳлилий ўлчовлардан бири ва ўз навбатида турли мамлакатлар валюталарини «товар савати» ёндашуви орқали таққослайдиган иқтисодий назария.

Юқорида таъкидлаб ўтилган мақолаларда олинган баъзи маҳсулотлар (апельсин, мандарин, лимон, банан) аҳоли истеъмол саватида кам аҳамиятга эга (кам вазн берилган) товарлар бўлиб, ушбу маҳсулотлар аҳоли томонидан доимий равишда эмас, балки кўпроқ байрам кунлари истеъмол қилинади. Бу товарларнинг бир марталик нархларига асосланиб, мавсум ўзгариш таъсирини (баъзи товарлар қишда арзон, ёзда қиммат, баъзи товарлар эса аксинча) ҳисобга олмасдан туриб, Тошкентда озиқ-овқат нархлари дунёда энг қиммат дейиш тўғри бўлмайди.

Малика Жуманиёзова, иқтисодчи.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид