Жамият | 19:45 / 01.05.2021
5155
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фуқарога тегишли карамзорни шудгор қилган кластер мутасаддисига жиноий иш қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган карам экинини кластер раҳбари шудгор қилиб ташлаган. Оқибатда карам етиштираётган деҳқонга йирик миқдорда моддий зарар етказган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси 23 апрел куни Youtube тармоғида «Карам масаласини ҳеч ким сўрамади, изламади энди биз пахта, ғалласини бузамиз» сарлавҳаси остида берилган видеомурожаатни ўрганган.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшовчи Толибжон Чўллиев Сариосиё туманининг Боғиобод маҳалласи ҳудудида жойлашган «Бекзод Шерзод» фермер хўжалигига тегишли ерни оғзаки шартнома асосида 2020 йил октябридан 2021 йилнинг 1 апрел кунига қадар вақтинчалик фойдаланиш учун олган. У 20 сотих сувли ер майдонига карам экинини экиб, уларни парваришлаб етиштирган.

Шундан сўнг, «Денов текстил Кластер» агрономи Шерхон Қурбонов карам экини бўлган ва ҳали ҳосили йиғилмаган 14 сотих ерни, огоҳлантирмасдан ўзбошимчалик билан шудгор қилдириб, фуқаро Т.Чўллиевга 280 миллион сўм моддий зарар етказган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Шерхон Қурбоновга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Жиноят иши якунлари бўйича батафсил ахборот берилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан ишлар Сенат назоратига олинган”, – дейилади хабарда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид