Жаҳон | 23:27 / 02.05.2021
63481
3 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров Тожикистон билан ихтилофдан кейин қирғизистонликларга мурожаат қилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасида Тожикистон билан юз берган низодан кейин қирғизистонликларга мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, низо Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлигини хавф остига қўйди.

Фото: president.kg

“28-30 апрел кунлари Қирғизистон халқи учун оғир тарихий синовлар ва қайғули кунлар бўлди. Муқаддас ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлиги хавф остига қўйилди, осойишта халқимиз тинчлиги бузилди”, деб айтган Жапаров ўз мурожаатида.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тайёргарлиги ва жасорати туфайли мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди.

Жапаров ихтилоф вақтида ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оилаларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишни тилади.

Қирғизистон раҳбарининг таъкидлашича, ихтилофнинг янада авж олишига йўл қўймаслик мақсадида чегараларни демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссиялари иши бўйича баённома имзоланди.

“Биз ўзгалар хатосини қайтармадик. Шу билан бирга, баъзи иғвогарлар ташқи кучлардан хавфлироқ эканини унутмаслигимиз лозим”, деб қўшимча қилган Жапаров.

У, шунингдек, келгусида бундай ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида икки давлат чегарасидаги қўшни ва икки халқ вакиллари аралаш яшайдиган қишлоқлар оқсоқолларидан иборат тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияни ташкил этишни таклиф қилган.   

“Чунки биз абадий қўшнилармиз. Мақсадимиз – халқимиз фаровонлиги, давлатимиз ҳудудий яхлитлигидир”, деб таъкидлаб ўтган Қирғизистон етакчиси.

У Тожикистон билан чегарада яшовчи, ихтилоф вақтида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган қишлоқлар аҳолисини ўз уйларига қайтишга чақирган.

Қирғизистон раҳбари тўқнашувлар вақтида вайрон бўлган ва ёниб кетган уйларни тиклаш бўйича чоралар қабул қилинишига ваъда берган ва одамларни иғволарга учмасликка чақирган.

Жапаров қирғизистонлик ҳарбийлардан мамлакат ташқарисига чиқмасликни ва биринчи бўлиб ўқ узмасликни талаб қилган. “Биз қуролли кучларимизга қўшни давлат қишлоқларига бостириб киришига, тинч аҳолига ҳужум қилишига ва уларнинг уйларини вайрон қилишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Қирғизистон президенти.

Жапаровнинг таъкидлашича, агар вазият янада кескинлашганда, икки томон ҳам катта йўқотишларга учрарди, юзлаб ва ҳаттоки минглаб оилалар жабр кўрган бўларди.

28 апрел куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида можаро келиб чиқди, 29 апрелда эса у қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

Можаро Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги «Бош» сув тақсимлаш пунктида сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилояти полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган. Томонлар бир тўхтамга кела олмагани можаронинг авж олишига олиб келган. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

Кейинроқ икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва чегарага юборилган қўшимча кучларни ортга қайтариш бўйича келишувга эришди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид