ДХХ 1 млн доллардан ортиқ хорижий валютанинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Ўзбекистон” локомотив депосининг 2 нафар машинисти “Чуқурсой-Сарағоч” йўналишида ўзлари бошқариб кетаётган юк поезди электровозининг хуфиёна жойларида 971 минг 50 АҚШ доллари, 47 минг 720 евро, 3 млн 424 минг 500 Россия рубли миқдоридаги пул маблағларини яширган ҳолда Қозоғистонга олиб ўтмоқчи бўлганларида қўлга олинди.
Шунингдек, мазкур электровоз “Келес” темир йўл бекатига олиб келиниб, қайта текширувдан ўтказилганда, машинист ўриндиғи остига яшириб қўйилган қўшимча 1 минг 50 АҚШ доллари ҳам аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ушбу хорижий валюталарнинг миллий валютадаги умумий қиймати 11 млрд 277 млн 447 минг сўмни ташкил этади.
Дастлабки суриштирув жараёнларида Қозоғистонга олиб ўтиш учун мазкур валюталарни машинистларга Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро берганлиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давомида у ҳам қўлга олинди.
Хорижий валюталарни қўшни давлатга ноқонуний ўтказиб бериш эвазига машинистлар 300 АҚШ доллари олишган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 182-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу пул маблағларининг ҳақиқий эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мавзуга оид
19:25 / 23.11.2024
Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланди
19:15 / 23.11.2024
ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан ҳайдалди — манба
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
16:53 / 22.11.2024