21:29 / 04.05.2021
10735

Ҳиндистондаги ҳайвонот боғида саккизта шер коронавирус билан касалланди

Image: Shutterstock

Ҳиндистонда илк бор ёввойи ҳайвонларда коронавирус аниқланди. Times of India нашрининг хабар беришича, вирус Ҳайдаробод шаҳри ҳайвонот боғидаги саккизта шерда аниқланган.  

«Ўтган йил апрелида Нью-Йоркнинг Бронкс туманидаги ҳайвонот боғида 8та йўлбарс ва шерда коронавирус аниқлангандан кейин бошқа ҳеч қаерда ёввойи ҳайвонлар орасида бундай ҳолатлар қайд қилинмаганди. Бироқ таъкидлаш жоиз, вирус Ҳонгконгда ит ва мушукларда ҳам аниқланган», деб айтган Ҳиндистоннинг ёввойи табиат тадқиқотлари маркази раҳбари Шириш Упадхе.

Ҳайвонот боғида ишловчи ветеринарлар апрел охирида шерларда иштаҳа йўқолиши, бурундан суюқлик ажралиши ва йўтални пайқашган. Таъкидланишича, ҳайвонот боғидаги 160 квадрат метр майдонга эга сафари-зонада 10 ёшгача бўлган 12та шер яшайди. Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, улардан 4та эркак ва 4та урғочи шерда вирусга таҳлил мусбат натижа берган.

Ветеринарлар йиртқич ҳайвонларнинг бурни ва томоғидан намуналар олиб, Ҳайдарободдаги ҳужайравий ва молекуляр биология марказига жўнатишган. Марказ олимлари шерлар вируснинг айнан қайси штамми билан касалланганини аниқлашлари керак бўлади.

Айни вақтда Ҳиндистонда коронавирус билан ўта оғир вазият кузатилмоқда. Мамлакатда вирусга чалинганлар сони 20,3 млндан, вафот этганлар сони 220 мингдан ошиб кетди. Охирги ҳафталарда Ҳиндистонда вируснинг рекорд суръатлар билан тарқалиши кузатилмоқда.

Top