Ўзбекистон | 07:56 / 04.05.2021
6299
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонаси очилиши кутиляпти

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йил 3 май куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Саудия Арабистони Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги ҳамда Давлат инвестиция жамғармаси раҳбарияти билан учрашди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакат иқтисодий тармоқлари кесимида малакали меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, меҳнат масалалари бўйича амалий ҳамкорлик устувор йўналишларини белгилаб берувчи ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш орқали Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни тизимлаштириш мақсадида Саудия Арабистонида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси вакиллари билан музокаралар чоғида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Тўғридан тўғри инвестиция жамғармаси ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси умумий активлари 390 млрд долларга тенг бўлган дунёнинг энг йирик суверен инвестиция жамғармаларидан бири ҳисобланади. Жамғарма 1971 йилда Саудия Арабистони миллий иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарма ташкил этилганидан буён подшоҳликнинг асосий инвестициявий воситаси бўлиб, нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, энергетика, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади. 2014 йилдан бери жамғармага подшоҳлик ичида ва ташқарисида янги лойиҳаларни молиялаштириш ваколати берилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюриши кутилаётгани хабар қилинганди

Мавзуга оид