Жаҳон | 08:43
909
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони “машинасиз шаҳар” қуришни жадаллаштирмоқда

Саудия Арабистонида қурилаётган футуристик The Line мегалойиҳаси доирасида узунлиги қарийб 28 километрдан бўлган иккита темирйўл тоннелини барпо этиш бўйича янги шартномалар имзоланди. Лойиҳа мамлакатнинг NEOM дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Фото: Neom

Бу ҳақда Limak Туркия қурилиш компанияси маълум қилди.

Маълум қилинишича, тоннеллар Саудия Арабистони шимоли-ғарбида қурилаётган 170 километрли ойнали шаҳарнинг асосий логистика узелларини боғлайди. Тизим ичида ҳаракатланадиган поездлар соатига 180 километр тезликкача юра олади.

The Line лойиҳаси NEOM мегадастурининг марказий қисми ҳисобланади. Шаҳар Акаба кўрфазидан Ҳижоз тоғларигача 170 километрга чўзилади.

Лойиҳада шаҳарнинг кенглиги атиги 200 метр, ойнаванд фасадлар баландлиги эса тахминан 500 метр бўлиши режалаштирилган.

Барча турар жойлар, офислар, хизмат кўрсатиш объектлари ва инфратузилма ушбу улкан “лента” ичида жойлаштирилади. Ҳаракатланиш эса ерости тоннелларидаги юқори тезликдаги транспорт капсулалари орқали амалга оширилади.

Режага кўра, шаҳарнинг бир чеккасидан иккинчисига сафар вақти 20 дақиқадан ошмаслиги керак.

Лойиҳада автомобиль йўллари назарда тутилмаган. Саудия ҳукумати уни “автомобилсиз, кўчасиз ва чиқиндисиз шаҳар” деб атаяпти. Шу боис тоннеллар ичидаги темирйўл тизими бутун мегатузилманинг асосий қисми ҳисобланади.

Шунингдек, лойиҳа тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш, шамол ва водород энергетикаси асосида ишлаши режалаштирилган.

Туннеллар қурилиши махсус туннел қазувчи машиналар эмас, балки портлатиш усули орқали амалга оширилади. Мутахассислар фикрича, бу усул Ҳижоз минтақасидаги қаттиқ ва қуруқ тоғ жинслари учун арзонроқ ва самаралироқ ҳисобланади.

Бундан ташқари, мазкур ёндашув бир вақтнинг ўзида бир нечта нуқтадан қурилиш ишларини олиб бориш имконини беради.

Техник маълумотларга кўра, ҳар бир тоннел диаметри 14 метрни ташкил қилади. Бу икки темирйўл изи ҳамда техник хизмат кўрсатиш платформасини жойлаштириш учун етарли ҳисобланади.

Муҳандислар айниқса вентиляция ва дренаж тизимларига алоҳида эътибор қаратиши керак бўлади. Чунки чўл ҳудудида ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтарилиши мумкин.

Жорий режага кўра, консорциум туннел қазиш ишларини 72 ой ичида якунлашни мақсад қилган. Қурилиш бир вақтнинг ўзида тўртта участкада олиб борилади.

Ўртача қурилиш суръати кунига 5,8 метр туннелни ташкил этади. Таққослаш учун, Австрия ва Италия ўртасидаги Бреннер туннели кунига тахминан 4 метр тезликда қурилмоқда, Ла-Манш остидаги Евротуннел қурилишида эса бу кўрсаткич кунига 7 метрга етган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид