Ўзбекистон | 07:51 / 06.05.2021
6086
4 дақиқада ўқилади

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонун 12- ва 16-моддалари, президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармони, 2020 йил 24 августдаги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2019 йил 7 ноябрдаги «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017 йил 21 июндаги 405-сон ВМҚ билан тасдиқланган Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, 17-бандга киритилган ўзгартиришга мувофиқ лицензия бериш ҳақидаги умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги ариза талабгор томонидан Ягона портал орқали берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун йиғим суммаси қуйидагича тақсимланади:

11,25 фоизи – Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобрақамига ўтказилади;

10 фоизи – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

маблағлар қолган қисми – лицензия берувчи орган ҳисобрақамига ўтказилади.

Марказларга ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда лицензия бериш ҳақидаги умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимлар суммаси 20 фоизи белгиланган тартибда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади.

18-банд лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида ёхуд лицензия амал қилиш муддатини узайтириш ҳақида ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилмаган тақдирда, лицензия талабгори аризада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлиши ҳақидаги хатбоши билан тўлдирилди.

Шунингдек, киритилган тартибга мувофиқ, лицензияловчи орган лицензия талабгори ёзма хабари олинганидан кейин 5 иш куни ичида унга лицензия бериши ёки лицензия амал қилиш муддатини узайтириши шарт. Тақдим этилган ҳужжатлар улар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ҳамда лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга юборилган ёзма хабар лицензия олингунига қадар лицензияга тенглаштирилади ва шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Бунда лицензия талабгори лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

33-бандга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда, нодавлат тиббий ташкилотларда лицензия талабгори ва шартларига риоя қилиниши устидан икки ярим йилда кўпи билан бир марта (қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги асосланган маълумотлар бўлган ҳолатларда чекланмаган миқдорда) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ҳуқуқига эга.

Низомга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Мавзуга оид