Жаҳон | 20:17 / 10.05.2021
5734
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда бир ойлик локдаун киритилади

Малайзия ҳукумати коронавирусга қарши кураш доирасида 12 майдан 7 июнгача умуммиллий локдаун киритишга қарор қилди.   

The Straits Times нашрининг хабар беришича, Малайзия бош вазири Муҳиддин Яссин миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишига кўра бу ҳақида маълум қилган.

Локдаун давомида мамлакатда жамоат тадбирлари ўтказиш, ресторанларга бориш ҳамда штатлар ва туманлар ичида иш, шошилинч ҳолатлар, тиббий зарурат, эмлаш ёки турмуш ўртоғини кўриш билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда ҳаракатланиш тақиқланади. Бир машинада кўпи билан 3 кишининг ҳаракатланишига рухсат берилади.

Иш берувчиларга ходимларининг камида 70 фоизини масофадан ишлашга ўтказиш буюрилган. Бундан ташқари, мамлакатда барча таълим муассасалари ёпилади. Бундан халқаро имтиҳонларни топшираётганлар ва ота-оналар истагига кўра болалар боғчалари истисно қилинади.

Малайзияда бундай қатъий локдаун 22 январдан 5 мартгача амал қилган. Чекловлар ижобий натижалар бериб, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият анча яхшиланганди. Бироқ ҳозирда Малайзияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпаяётгани қайд қилинмоқда. Прогнозларга кўра, май ўрталарига келиб, мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари 5 мингга яқинни ташкил қилиши, ой охирига келиб эса 7 минггача етиши мумкин.

Таъкидланишича, Малайзия ҳукумати бундай қатъий қадамга Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр арафасида бормоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид