Малайзия – исломий молия бўйича пешқадам мамлакатлардан бири. Бу ерда мазкур тизим аллақачон оддий банкинг чегарасидан чиқиб, миллий молия моделининг бир қисмига айланиб бўлган – суғуртадан тортиб, сукук бозоригача. Kun.uz Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳам Туаҳ Иллиасни саволга тутди.

- Ўзбекистонда исломий банкингни жорий қилиш бўйича биринчи қадам ташланди. Ўзбекистоннинг молиявий тизими, инвестицион муҳитга бу қандай таъсир қилади сизнингча?

- Ўзбекистонда Президент фармони билан исломий банкчилик соҳасида ташланаётган қадамлар Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу шундай бир муҳит яратадики, исломий банкчилик тажрибасига эга бўлган бошқа мамлакатлар Ўзбекистон билан ўз тажрибасини ўртоқлашиши ва Ўзбекистонда исломий молия тизимини шакллантиришга кўмак бериши мумкин бўлади.

- Бизнинг аудиториямизга тажрибаларингиз ҳақида бироз гапириб беринг. Қандай бўлган бу Малайзияда, қандай кечган?

- Малайзияда исломий банкчиликни жорий этиш жараёни қарийб 30 йил аввал, ўша даврдаги ҳукумат ташаббуси билан амалга оширилган. Чунки мамлакатнинг расмий дини Ислом бўлгани ҳолда, Малайзияда исломий банк тизими мавжуд эмаслиги муҳим масала сифатида кўрилган. Шунинг учун ўша пайтдаги ҳукумат сиёсий иродасини намоён қилиб, мустақилликдан кейин шаклланган анъанавий банк тизимига қўшимча равишда, Малайзия мусулмонлари учун исломий банкчиликни алоҳида молиявий алтернатива сифатида ўрганиш ва жорий этишга қарор қилган. Айни пайтда, бу тизим фақат мусулмонлар учун эмас, балки Малайзиядаги номусулмон аҳоли учун ҳам фойдали бўлиб, уларга ҳам ислом банкларида ҳисоб очиш имкониятини берган.

- Сизларнинг тажрибангиздан келиб чиқадиган бўлсак, биз нималарга эътибор қилишимиз керак? Қандай қилсак, кечаётган жараёнлар самарали бўлади, баракали бўлади?

- Аввало, шундай самарали тизим яратиш керакки, унда Ўзбекистондаги давлат идоралари, ҳуқуқшунослар, тартибга солувчи органлар, қарор қабул қилувчилар ва банк муассасалари ўзаро ҳамжиҳатликда ишласин. Бу эса тизимнинг узоқ муддатли ва барқарор ишлашини таъминлайди. Малайзия эса Ўзбекистонда исломий банкчиликни жорий этиш жараёнида амалий тавсиялар беришга тайёр.

- Малайзия элчихонаси нималарни режа қиляпти Ўзбекистон-Малайзия алоқаларидаги исломий молия факторини ривожлантириш учун?

- Бу жуда яхши савол. Аслида, бу йилнинг ўзидаёқ Малайзия ва Ўзбекистон молия муассасалари ўртасида амалий ҳамкорлик бошланган. Масалан, ўтган йили Малайзия Марказий банкига алоқадор таълим муассасаси бўлган INCEIF маҳаллий ташкилотчилар, хусусан маҳаллий “Ал Муамалат Консалтинг” ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида тадбир ўтказди. У ерда Исломий молия шариат билимлари ва исломий банкчиликка бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Малайзиядан ва дунёнинг бошқа ҳудудларидан келган нуфузли экспертлар, мутахассислар Тошкентда маърузалар қилиб, исломий банкчилик масалаларини муҳокама қилдилар. Бу эса аллақачон Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда аҳолининг бу соҳадаги хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда.