07:53 / 10.05.2021
16541

«Зомин» туристик зонасининг асосий фаолият йўналишлари белгиланди

Фото: Xalq so'zi

Вазирлар Маҳкамаси "Зомин" туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • "Зомин" туристик-рекреацион зонаси (туристик зона) чегаралари тавсифи;
  • "Суффа платоси.2 400" халқаро умуммавсумий курорти ва "Ўриклисой" туризм мажмуаси чегаралари тавсифи;
  • "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепцияси;
  • "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш ҳамда ҳудудда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури;
  • "Зомин" туристик-рекреацион зонаси ва унга қадар бўлган ҳудудда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури.

Туристик зонанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди:

  • туристик зонада махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторлар инвестицияларини жалб қилиш;
  • ҳудуд экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш;
  • ҳудудда янги транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;
  • туристлар хавфсизлиги қўшимча шароитларини яратиш;
  • туристик зона ҳудудида лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш;
  • энергиянинг муқобил ва қайта тикланувчи манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни жорий қилиш;
  • ҳудудда ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонлар генетик фондини сақлаш.

Шунингдек, ҳужжат билан "Зомин" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси" ДУК ташкил этилди ва унинг устави тасдиқланди.

Top