Ўзбекистон | 12:02
1158
3 дақиқада ўқилади

“Шовқин ва чангдан зада бўлдик” – портлатиш ишлари туризм қишлоғига тинчлик бермаяпти

Андижон вилояти Хўжаобод тумани Имом ота туризм қишлоғида цемент ишлаб чиқарувчи хорижий корхона тоғларни портлатиш йўли билан хомашё олиши аҳолининг тинчини бузмоқда. “Тунда ҳам тинчлик йўқ. Экскаватор тоғга тиқиб тош ёради. Туризм қишлоғи чангга, шовқинга тўлган. Одамлар бу шовқиндан безиб кетди”, дейди қишлоқ одамларидан бири.

Kun.uz'га мурожаат йўллаган ватандошлар туризм қишлоғининг фақат номигина қолганини айтишди.

“Имом отага туризм қишлоғи мақоми берилган. Ҳокимият томонидан тадбиркорлар жалб этилиб кредитлар ажратилмоқда, туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар қишлоққа маблағ киритишяпти. Лекин...

Қишлоқ атрофи тоғлар билан ўралган, ҳозирда 3 та цемент заводи фаолият юритяпти. Заводлар секин-аста тоғларни портлатиб, табиий ландшафтга ва ҳаво сифатига жиддий зарар етказмоқда. Портлатиш ишлари қишлоқ аҳолиси ва сайёҳлар саломатлигини ҳам хавф остига қўймоқда”, – дейилади мурожаатда.

Экологиянинг тиши ўтмаяпти”

“Имом ота туризм қишлоғининг ҳар икки томони тоғлар билан ўралгани учун цемент заводи қуриб ташлашди. Хомашё учун ҳаммаёқни портлатиб, чангитиб ётишибди. Бир томонда туризмни ривожлантирамиз деб тадбиркорларни жалб қилишяпти, бир томонда эса тоғни портлатиб чангитишяпти.

Экология деган ташкилотнинг ҳолатга тиши ўтмаяпти. Бутун бошли тоғ йўқ бўлиб кетяпти. Бўлаётган ишларга кимдир эътибор қаратиши керак эмасми? Экологияга, табиатга жуда катта зарар етяпти-ку!” – дейди бошқа бир мурожаатчи.

Тунлари ҳам уйқу йўқ...

“Тоғдаги портлатиш ишларидан аҳоли азият чекяпти. Айниқса, ёш болалар ва ёши катта инсонларга қийин бўляпти. Ишлаб чиқариш экан, буни тушунса бўлади, лекин энг аввало инсон қадри биринчи ўринда турмайдими?

Бундай портлатиш ишлари ҳар ҳафтада, баъзан ҳафтада 2–3 марта бўлади. Ҳатто кечаси ҳам экскаватор тоғга чиқиб олиб, таққиллатиб тош ёради – кечаси ҳам тинчлик йўқ.

Суриштирсак, цемент ишлаб чиқарувчи корхона хитойликларга тегишли экан. Ҳолатга ҳокимият ҳам, экология ҳам панжа ортидан қараяпти. Портлашлардан фақат аҳоли азият чекяпти холос”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Цемент ишлаб чиқарувчи хорижий корхона бош директори Ли Сиао Жун (Li Xiao Jun) томонидан имзоланган хужжатдан туризм қишлоғида портлатиш ишлари “Andijan WCC Cement” МЧЖ томонидан амалга оширилаётгани англашилади.

Фото: Булоқбоши тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

12 июн куни Хўжаободга қўшни Булоқбоши тумани ҳокимлиги баёнот бериб, Andijon WCC цемент заводида портлатиш жараёнида юзага келаётган ҳолатлар назоратга олинганини маълум қилди.

Ҳокимлик хабарига кўра, Андижон вилояти Экология бошқармаси ва Булоқбоши тумани ҳокимлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади расмий хабарда.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид