Танқиддан сўнг: Тошкентдаги кўзи ожизлар маҳалласида таъмирлаш ишлари давом эттирила бошланди
Кўплаб кўзи ожиз фуқаролар яшаётган Тошкент шаҳри Миробод тумани «Баёт» маҳалласида қурилиш ишлари давом эттирилиши бошланди. Бу ҳақда маҳалла фуқаролари Kun.uz'га маълумот берди.
10 май куни Kun.uz сайтида «Тошкентда кўзи ожизлар маҳалласини ободонлаштириш ишлари чала ташлаб кетилди. Уларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Миробод тумани «Баёт» маҳалласида таъмирлаш ишлари бошланиб, охирига етказилмай, ўлда-жўлда ташлаб қўйилгани, бу эса кўзи ожиз фуқароларга хавф туғдираётгани ҳақида сўз боради.
Маҳалладаги ҳолат билан қизиқиб, фуқаролар билан қайта боғландик. Уларнинг айтишича, танқиддан сўнг маҳаллада тўхтаб қолган ишлар давом эттирила бошланган. Ҳозирда таъмирлаш ва чала қолиб кетган ишларни якунлашга ҳаракат қилинмоқда.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг Kun.uz'га тасдиқлашича, ҳозирда шаҳар ҳокимлиги ва вазирлик биргаликда ишларни якунлашга киришган. Маҳаллий бюджетдан 2 млрд сўм пул ажратилган.
«Баёт» маҳалласи ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 100 нафардан ортиқ ҳашарчи жалб қилинди. Кўп қаватли 5 та уйнинг 5 минг метр квадратдан ортиқ фасад қисми таъмирланмокда. 600 метр квадратдан ортиқ уй олди йўлаклар ва автотураргоҳларда асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда.
Эски болалар майдончаси ўрнида янги болалар майдончаси, Workout ва суҳбатлашиш жойлари ўрнатилмоқда. Бетон бордюрлар ўрнатилмоқда. Ишлар 1 июлгача якунланади», – деди Жамолиддин Қаландаров.
Маълумот учун, танқидий мақола Kun.uz'да эълон қилингач, ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.
Мавзуга оид
11:11 / 05.10.2024
Тошкентда Nexia-3 ёниб кетди
17:18 / 27.08.2024
Журналистларга “ақл ўргатган” суд раиси жазосиз қолди
10:51 / 17.07.2024
“Буни қамамаймиз” – ЖИБ Миробод туман судида суд бошланмай унинг якуни маълум қилиб қўйилди
13:28 / 13.07.2024