Автомобилга зўрға пул йиғиб, янги эмас, минилган машинани бир амаллаб сотиб олган минглаб ҳамюртларимиз ўз мулкига ўзи расман эгалик қилолмай, уловни аввалги эгасининг номида қолдириб, ишончнома орқали ҳайдаб юришни маъқул кўришмоқда.
Бу – адолатсиз прописка тизими амал қилган даврда фуқаро уйини номига ўтказолмай, ўз уйида ўзи ижара шартномаси асосида яшаб юрган кулгили ҳолга ўхшайди.
Иккиламчи бозордан автомобил харид қилганда уни харидор номига расмийлаштиришдаги бундай қиммат тўловлар моддий томондан камтарроқ фуқароларни юқори таваккалчилик ҳисобланган ишончнома тузиш амалиётига ундамоқда.
Бу ишончнома халқ орасида «гендоверенность», расман эса тасарруф қилиш ҳуқуқи билан ишончнома деб аталади.
Келинг, тасаввур ҳосил бўлиши учун аниқ мисол билан кўриб ўтсак.
Мисол сифатида, салондан харид қилинганига 2 йил бўлган Кобалт автомобилини танлаймиз.
Агар автомобил бир жисмоний шахсдан бошқасининг номига ўтказиладиган бўлса, нотариал идорада автомобил олди-сотди шартномаси тасдиқлангани учун давлат божи (1 млн 470 минг сўм), герб йиғими (24,5 минг сўм), пуллик ва техник хизматлар кўрсатилгани учун тўланадиган ҳақ биргаликда камида 1 млн 629 минг сўмни ташкил этмоқда.
Ишончнома тузилган тақдирда эса – жами харажатлар камида 857 минг сўмни ташкил этмоқда.
Демак, ушбу икки хил битимларни нотариал идорада тасдиқлашнинг ўзида 772 минг сўмлик фарқ ҳосил бўляпти.
Афсуски, харажатлар шу билан тугамайди. Энди «ГАИ»га бориб рақам, техпаспорт олиш, давлат рўйхатидан ўтказиш учун бундан ҳам каттароқ харажат қилишга тўғри келади.
Ушбу суммалар:
- олди-сотди шартномаси тузилган автомобил бўйича – ўртача 3 млн сўмни;
- ишончнома тузилса, 0 сўмни ташкил этмоқда. Яъни, ишончнома тузилгани учун бу ерда ҳеч қандай харажат қилинмайди.






