08:51 / 14.05.2021
2300

Миришкорлик мактаб директори қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилгани исботланиб, ўз лавозимига тикланди

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани 11-сонли мактаб собиқ директори Шомурод Эрназаров вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги исботланиб, ўз лавозимига тикланди. Бу ҳақида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот котиби хабар берди.

Хабарда ёзилишича, Ш.Эрназаров 9 йиллик раҳбар тажрибасига эга. У 2020 йилда ишдан бўшатилган. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар туманлараро суди ҳамда Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳолатни ўрганган. Шундан кейин Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилган.

Олий суд судьялари Ж.Тиркашев, Р.Исмайлов ва Ж.Расуловлар иштирокида бўлиб ўтган суд мажлисида фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан ўрганиб, уни ишдан бўшатишда асос сифатида келтирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, унда қалбаки кўрсатмалар мавжудлиги ҳамда тегишли Халқ таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилигини қатор моддалари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган. Қолаверса, Омбудсманнинг Қашқадарё вилоят вакили томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, Ш.Эрназаров мактаб директори лавозимига тайинланган даврдан то 2020 йилгача бирор маротаба ҳам Халқ таълими бошқармаси томонидан интизомий жазога, хизмат юзасидан огоҳлантириш ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаганини ўрганган ҳолда қарор қабул қилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ва Қашқадарё вилояти судининг ушбу ходим бўйича чиқарган қарорлари бекор қилди. Шунингдек, Шомурод Эрназаровни Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи ноқонуний деб топилиб, собиқ директорни ўз лавозимига тиклаш бўйича қарор қилинган ҳамда мурожаатчига, мажбурий «прогул» учун 19 млн сўмга яқин компенсация ундирилиши белгиланган. 

Top