Ўзбекистон | 21:33 / 16.05.2021
25394
7 дақиқада ўқилади

Алдаганга қийинми, алдангангами? — хорижда бир-бирини чув тушираётган ватандошлар

Россияда фирибгарлик қурбони бўлган ватандошлар ҳақида тез-тез эшитиб турамиз. Уларни чув тушираётганлар орасида ўз ҳамюртларимиз ҳам борлиги ачинарли.

Москвада танишган бир дўстим бор, исми Ражаб, миллати туркман. Олти йилдан ошди танишганимизга. Кўп вақт бирга ишладик, барака топсин, жуда яхши йигит. Уч йил аввал бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушди.

2018 йил июн ойларида эди, бир куни Ражаб телефон қилиб қолди.

– Ассалому алайкум, муаллим, яхшимисиз?

– Ва алайкум ассалом, дўстим, яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими?

– Яхши, раҳмат. Бир жойдан каттароқ иш олувдим, бригадага одам тўплаяпман, сизда ҳам таниш-билиш кўп, ўнта уста керак. Иложи бўлса, бир ёрдам қилинг.

– Қаерда иш, ишончлими? Мен сизга ишчи топиб берсам, кейин пулини ола олмай қолиб, уларнинг олдида уялиб қолмайманми?

– Сиз бу томонидан қўрқманг, пули ишончли. Хоҳловчилар бўлса, кунлик берамиз.

Ўша вақтларда ижтимоий тармоқда иштирокчилари асосан мусофирлардан ташкил топган бир гуруҳда модератор эдим.

– Дўстим, ҳозир ўзим шахсан таниган, иш сўраган одамлар йўқ. Маъқул десангиз, гуруҳга «ишчи керак», дея эълон бераман. Рақамингиз ва исмингизни ёзиб қўяман, бу гуруҳда иш излаганлар кўп. Ўзлари сизга телефон қилишади, ўзингиз гаплашиб, нарх-навосини ҳам келишиб олаверасиз.

– Хўп, шундай қилинг, менга ишига жавоб берадиган одамлар бўлса бўлди. Меҳнат ҳақини келиштириб бераман.

Шу гаплардан кейин, гуруҳга эълон бердим. Орадан икки кун ўтди. Ишлаб тургандим, кимдир тўхтамасдан телефон қила бошлади.

Қўлимдаги ускунани ерга қўйиб, телефонни олсам, экранида «Ражаб дўст» деган ёзув.

– Алло, ассалому алайкум, дўстим, тинчликми?

– Ваалайкум ассалом, муаллим, тинчмас-да! Сиз юборган одамлар келмади-ку.

– Тушунмадим, мен сизга одам юбордимми?

– Ўша куни сиз билан гаплашганимдан кейин, орадан икки соатлар ўтиб бир йигит телефон қилди: «Ака, бизларга рақамингизни Бахтиёр ака берди, сизни алдамайдиган инсофли йигит деб айтди. Сизда иш бор экан, Бахтиёр акадан одам керак деб сўраган экансиз, бизлар етти кишимиз, усталармиз», – деб айтди.

– Дўстим, мен фақат ўзингизнинг телефон рақамингизни гуруҳга ёзганман, ишчи керак деб эълон бердим холос, аммо ҳеч кимни сизга шахсан юбормадим!

– Ие, буёғи қизиқ бўлди-ку, у бола сизни жудаям яхши танийман деди. Кейин: «Ака, бизлар Москвадан анча узоқ жойда бир арманнинг қўлида ишлаяпмиз, олти ойдан ошди, бир сўм пул бермайди. Кетай десак, пулимиз йўқ. Паспортларимиз ҳам унда эди, яқинда олдик, энди пули ҳам керак эмас, шу жойдан чиқиб кетсак бўлди. Москвага етиб олишимиз учун йўл пули керак, ҳеч ким бизга ишониб олдиндан пул бермаяпти.

Учта фарзандим бор, шу гўдакларимни ўртага қўйиб қасам ичаман, ҳозир рўза ойларидамиз, шундай муқаддас ойларда сизни алдамайман. Бизга 7 минг рубл қарз бериб турсангиз, етти кишига Москвага етиб боргунча йўл пули бўлади. Бориб олсак, ишлаб ошиғи билан сизга қайтарамиз», деди.

Улар битта карта рақам ёзди, 7 минг ўтказдим. Пул тушди, сал туриб йўлга чиқамиз, дейишди. Энди телефони ўчирилган деяпти, йўлдадир телефони қуввати ўчгандир деб яхши гумон қилдим, аммо мана икки кун ўтди ҳамки, улардан дарак йўқ! Сиздан сўраб кўрай-чи дегандим.

– Содда дўстим-ей, 7 минг рублга куйибсиз, мен уларни танимайман. Ҳеч бўлмаса, менга бир марта телефон қилиб, шу йигитларни танийсизми, деб сўрардингиз. Кейин мени таниши сабаби, ўзим ҳақимда ҳамма маълумотларни саҳифамда ёзиб қўйганман.

– Мендан Аллоҳ учун яхшилик қилинг деб сўради, мен бердим, алдагани учун, эрта қиёматда ўзи жавоб беради. Менинг бу берган пулим қиёмат кунига захира бўлади.

– Менга ўша картага юборган пулингизнинг чеки бўлса юборинг, бу бола бошқаларни ҳам алдаши мумкин, одамларни огоҳлантириш керак, дедим.

Бироздан сўнг телеграмимга келган чекни сақлаб олдим-да, кейин ўша гуруҳга янги мавзу қўйдим:

«Қадрли дўстлар, гуруҳимизда бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ноинсофлар бор экан. Икки кун аввал иш бор, уста йигитлар керак деган мазмунда эълон бериб, дўстимнинг рақамини қўйган эдим. Кимдир ўша рақамга телефон қилиб, йиғлаб, ялиниб бир сўм пулсиз қолдик, етти кишимиз, борсак ишлаб берамиз, дея дўстимни ишонтириб, 7 минг рублни картасига ташлатиб олибди, энди рақами ўчган. Мана шу қуйидаги чек расмида ўша одамнинг исм-фамилияси бор, эҳтиёт бўлинглар. Ҳар кимга ишонманглар, алданиб қолманглар!»

Энг қизиғи, эълон қўйилгач бўлди. Дарди ичида алданганлар, айнан мана шу йигитга чув тушганлар жуда кўпчилик экан.

Бирин-кетин ёзиб бошлашди, кимдандир минг рубл, яна биров 5 минг, энг кўпи у 7 минг сўрар экан.

Адашмасам, 20дан ошиқ одам ёзди, худди шу бола мендан ҳам пул олиб кейин йўқолиб қолган дея.

«Яхшиям ўша бола йиғлаб ёрдам сўраб телефон қилган вақти иш ҳақимни олмаган эканман, қўлимга пул тушиши билан бераман, деб юргандим», – дегани қанча бўлди.

Бир томондан хурсанд бўлдим, нимага дейсизми? Ёрдамга муҳтож инсонларни эшитганда, гарчи ўзи танимаса-да, кўрмаган бўлса-да, ёрдам қўлини чўзишга тайёр инсонларимиз кўплигидан.

Алданганлар кўпчилиги бир хил гапиришди:

«Мен пушаймон эмасман, Аллоҳ учун ёрдам қилинг, дея сўрагани учун, Рамазон ойида савоб учун бергандим, у алдаган бўлса, ўзига қийин, жавобини беради».

Мана шунақа ноинсофларга, ўзиникини чув тушираётганларга Аллоҳ инсоф берсин!

Яхши инсонларни ўзи қўлласин, топганига барака берсин.

Бахтиёр Турсун

Мавзуга оид