Жамият | 11:57 / 17.05.2021
12043
7 дақиқада ўқилади

«Улар оддий, самимий инсон эканини эшитгандим» — Президент билан учрашган беморларнинг оналари таассуротлари

14 май куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказларида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олиб, улар билан дилдан суҳбатлашганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу муассасалардаги бемор болалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашиб, уларнинг кайфият ва таассуротлари билан қизиқди.

Сабрина — Йўл ҳаракати хавфсизлиги фахрий ходими

Президент билан учрашувда «катта бўлсам «ГАИ» ходими бўламан» деган қизалоқ Наманган вилояти Чуст туманидан келган Сабрина Инсофалиева бўлиб, 2003 йил туғилган. Куни кеча Ички ишлар вазирлиги масъуллари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими махсус либоси, ИИВ ЙҲХББ фахрий аъзолик гувоҳномаси ҳамда эсдалик совғалар билан ташриф буюришди.

Икки йилдан бери ўнг сон орқа юзаси нейроген саркомаси ташхиси билан даволаниб келаётган қизалоққа президент билан юзма-юз суҳбатда чет элдан ўнг чаноқ-сон бўғинига протез олиб келиш ваъда қилинди. 

Сабрина онаси Феруза Муҳсинова билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

«Президентимиз билан учрашиш етти ухлаб тушимизга кирмаган эди. Аллоҳ мушкулимизни давлатимиз раҳбари орқали осон қилишни тақдир қилган экан. Бугун қизимнинг қувончдан дардлари аригандек бўлди. Шунчалик эътибор бериб, ҳар бир беморнинг эҳтиёжини ўрганиб, уларни муҳайё қилишга тайёр турган инсонлар сабаб оғир дард билан курашаётган боламнинг кўзлари кулганини кўриш насиб қилганига шукр қиляпман. Қизимнинг шифо топиши учун меҳнати сингган барча тиббиёт ходимларидан чексиз миннатдормиз. Касб-корларидан  элнинг раҳматини олиб юришсин», — дейди Феруза опа Муҳсинова.

«Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келган қизим сенмисан?»

Нодирабегим марказ бўлим мудири Тожиддин Мустафоев билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

«Президентимиз келганларида мен муолажа олаётганим сабаб ёнларига чиқа олмагандим. Ҳеч кутилмаганда ўзлари «Сочида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келган қизим сенмисан?» деб палатамизга кириб келганларида ўзимни йўқотиб қўйдим», — дея гап бошлайди болалар бўлимининг 9-палатасида даволанаётган Нодирабегим Қосимова. 

Нодирабегим асли бадиий гимнастика билан шуғулланган. Ушбу спорт тури бўйича Россиянинг Сочи шаҳрида ўтган халқаро мусобақада гран-прини қўлга киритиб келган. Кейинчалик оёғида ўсимта борлиги тахмин қилиниб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг соғлигини тиклаш учун давлат томонидан ажратилган ордер тизими оиланинг жонига оро кирди. 

Фото: ССВ Матбуот хизмати.

«Бу шифохонага келганимизга кўп бўлмади. Президентимиз билан учрашувга чиққанимизда улар ҳамманинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжини сўраб қолдилар. Менга навбат етганида хижолат тортдим.

Менинг-ку тўрт мучам соғ, қизимнинг ортидан келган бўлсам. Нодира қизим палатада қолган эди. Президентимиз «унда палатасига бориб кўрамиз», дедилар. Эсдалик учун суратларга тушилганидан сўнг, мени чақирганларида шошиб қолдим. Ҳаммадан ажралиб, давлат раҳбари билан қизимнинг палатасига йўл олдик. Уларнинг оддий самимий инсон экани ҳақида эшитган эдим. Бир бемор қизнинг кўнглини кўтариш учун қилган алоҳида эътиборига гувоҳ бўлиб, бунга яна бир бор амин бўлдим», — дейди Нодирабегимнинг онаси Комила Атаханова.

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болалар (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани «Работак» маҳалласида яшовчи Қамбартош Бўтаева ўғли Муродбекни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келган.

Сурхондарёлик Қамбартош Бўтаева ўғли Муродбек билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

«Бу дунёда ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин экан. Ҳар гал мурғак болажонимнинг мунгли кўзларига қарасам, тенгдошлари каби болаликнинг бебаҳо дамларидан баҳра ололмаётганини кўрсам, юрак-бағрим эзилади.

Шундай кунларда давлатимиз раҳбари шахсан олдимизга келиб, биздан ҳол-аҳвол сўрагани, ўғлим Муродбекка меҳр ва эътибор кўрсатганликлари она сифатида кўнглимни тоғдек кўтариб юборди. Муҳтарам президентимизнинг ташрифлари шифохонада дилбандининг тезроқ соғайишини кутаётган мен каби муштипар оналар учун унутилмас воқеа бўлди. Барчамизда яна келажакка умид уйғонди.
Айниқса, президентимизнинг «Болажонларнинг саломатлиги учун барча имкониятларни ишга соламиз. Сурхондарёда ҳам даволаниш учун керакли шарт-шароитларни яратиб берамиз. Муродбек ҳали катта йигит бўлиб, менга хат ёзади» дея айтган сўзларидан кўзларим қувонч ёшига тўлди.

Байрам совғаси сифатида китоблар, планшет ва турли ширинликлар берилгани болажонимга бир олам шодлик улашди. Энг қувонарлиси, ана шу кундан бери ўғлимнинг руҳи тетиклашиб, саломатлиги яхши томонга ўзгариб бормоқда. Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдираман. Шунингдек, ушбу шифохонадаги фидойи, қўли енгил шифокор ва ҳамшираларга ҳам катта раҳмат айтаман», — дейди у.

Фарзандида тез-тез кузатилган иситма, иштаҳасизлик, ҳолсизлик белгилари нукуслик Меҳрибаннинг онаси Райҳан опа Аралбаевани қаттиқ хавотирга солиб қўйган. 

Қорақалпоғистонлик Меҳрибан ва онаси Райҳан Аралбаева. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида олиб борилган бир неча даво муолажаларидан сўнг Меҳрибаннинг аҳволи анча яхшиланган. 

«Мана етти ойдирки, қизим оғир дард билан курашади. Ўтган вақт ичида болам бир неча жиддий даволаниш курсларини бошдан ўтказди. 

Куни кеча президентимиз ҳолимиздан хабар олиб, қизим ва менга руҳан далда бўлганликларидан бошимиз осмонга етди. Очиғи, бу қувончни, айни пайтдаги ҳис-ҳаяжонимни таърифлаш мушкул. Давлатимиз раҳбари шифохонада даволанаётган ҳар бир бемор болакай ва оналар билан самимий мулоқот қилиб, меҳр ва эътибор кўрсатганликлари, «Сизлар ҳаммангиз – менинг фарзандларимсиз. Соғайиб кетишингиз учун ҳамма чораларни кўрамиз», дея айтган сўзлари бизларга янада куч бағишлади. Айниқса, қизим Меҳрибан президентимиз билан бўлган учрашув таассуроти ва қувончини мана уч кундирки, ичига сиғдиролмайди. Илоҳим, дунёда ҳеч бир онанинг фарзанди касал бўлмасин!» — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Таслақ» маҳалласида яшовчи Райҳан Аралбаева.

Мавзуга оид