23:05 / 18.05.2021
5155

Хорижий сайёҳларни жалб қилган турфирмаларга тўланадиган субсидиялар миқдори маълум бўлди

Субсидиялар Ўзбекистон ҳудудидаги жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунашни ўз ичига олган турни ташкил қилган туроператор ва турагентларга 15 AҚШ доллари миқдорида берилиши белгиланди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари фонддан туроператор, турагент ва жойлаштириш воситалари учун субсидия бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Субсидиялар «Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»ги 602-сонли ҳукумат қарорига асосан жорий этилмоқда.

Қарорга кўра, субсидия хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (хорижий туристлар) учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунашни ўз ичига олган турни ташкил қилган туроператор ва турагентларга берилади.

Субсидиялар 15 AҚШ доллари миқдорида – миллий валютада тўлов кунидаги Марказий банк курси бўйича ажратилади.

«Туристик мавсум очилиши муносабати билан мазкур субсидияни олиш учун туроператорларнинг илк аризалари қабул қилиниб, ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг март ойида туроператорлардан 99 нафар хорижий турист учун 1485 доллар ва 15 млн 632 минг сўм суммани қамраб олган иккита ариза қабул қилинган.

Умуман олганда, 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистонга 123,4 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган ва ой сайин ушбу кўрсаткичнинг сезиларли даражада ошиши кутилмоқда», – дейилади расмий хабарда.

Маълумотларга кўра, хориждан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони 2020 йил март ойида 7788тани, 2021 йилнинг шу даврида эса 12 428тани ташкил қилган.

Ўзбекистонга МДҲ давлатларидан энг кўп ташриф буюрувчилар Қозоғистон ва Қирғизистондан. 2021 йил мартда Қозоғистондан 46 182, Қирғизистондан эса 50 206 ташриф буюрувчи. Пандемия даврида эса 2020 йилнинг мартида, қўшни давлатлардан Ўзбекистонга келувчилар сони 2021 йилга нисбатан кўпроқ бўлган.

Aввалроқ, авиаташувчиларга мамлакатимиздаги ички авиақатновлар чипта нархларининг 25 фоизи, туроператор ва турагентлар томонидан маҳаллий сайёҳлар учун ташкил этилган турларга авиа ҳамда темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилиши маълум қилинганди.

Top