Тажрибали педагог суҳбат давомида ўқитувчиликнинг паст-баландликлари, немис тилини ўқитиш борасидаги муаммолар ҳақида ҳикоя қилди.

– Аввало ўқитувчилик фаолиятингиз, ўқитувчиликнинг паст-баланд томонлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда немис тили фанига жуда қизиққанман. 9-10-синфлигимдаёқ кичик синфларга немис тилидан бошланғич сабоқлар берар эдим. Фанга бўлган қизиқишим мени Тожикистон Республикаси, Душанбе шаҳридаги институтга етаклади. 1986 йил институтни тамомлагач турмуш ўртоғим билан бир-икки йил мактаб таълимида ишлаш ҳамда чет тилидан бехабар бир қишлоқ болаларига немис тилини ўргатиш мақсадида Қашқадарёнинг олис Касби тумани Мессит қишлоғига йўл олдик. Бу қишлоқ мактабида хорижий тил ўқитилмас экан, шу ерда ўқитувчилик фаолиятимни бошладим.

Қишлоқ аҳли очиқ кўнгиллик билан кутиб олишди. Мактаб менга немис тили фанидан 40 соат дарс берди. Бу катта бахт ва улкан масъулият эди. Табиатан ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга одатланганим учунми, 1 соат дарс қолдириш у ёқда турсин, бирор дақиқа кечикмасликка ҳаракат қилар, дарсларни мароқ билан ўтардим. Ўзлаштира олмаган ўқувчилар билан дарсдан кейин ҳам қўшимча машғулот олиб борардим. Синфда ўқувчилар 25-30 нафардан ошса-да, гуруҳларга бўлмасдан ўқитганман. Ўша даврларда бундан бошқа йўл ҳам йўқ эди.

Мессит қишлоғи ва болалар менга ҳам жуда манзур келди ва шу бўйи қишлоқда 5 йил қолиб кетдик. 2 фарзандим шу қишлоқда туғилди. Болалар таълими орқада қолиб кетишини ўйлаб фарзандларим 2 ойли бўлганида ишга чиқиб кетганман.

Бугунги кунда чекка ҳудудларга бориб ишлайдиган ўқитувчилар учун берилаётган имтиёз ва яратилаётган шароитларга ҳавас қиламан, у дамларда бу нарсалар қаёқда эди дейсиз. Қиш-қировли, ёмғирли кунларда қишлоқ уйларидан резина этикларда йўлгача чиқиб, тиззагача лойга ботган этикни йўл устидаги хонадонда қолдириб, тоза этикда мактабга борардим.

1992 йил ўз юртимиз Яккабоғга қайтдик ва ўзим таҳсил олган мактабда ишимни давом эттирдим. Ҳар йили фан олимпиадаларида ўқувчиларим юқори ўринларни эгаллаб, туман ва вилоятда танила бошладим.

1996 йил Тошкент шаҳрида немислар томонидан ўтказилган семинарда фаол иштироким учун Германияга малака оширишга юборишди. 1999 йил ютуқларим ва меҳнатларим учун президентимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. 2012 йил «Халқ таълими аълочиси», 2016 йил «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирландим.