Андижон туманининг Полосон маҳалласида яшовчи, ўқитувчилар оиласида улғайган Райёна Иброҳимова Германиянинг Гёттинген шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Оддий ўқитувчилар оиласидан чиққан қиз шу давргача кўплаб мусобақаларда иштирок этган, бироқ омадсизликка учраганди. “Ота-онам маошидан орттириб, тил ўрганишим учун шароит қилиб берди, уларнинг ишончини оқладим”, дейди олтин медал соҳибаси.

15-22 июл кунлари Германиянинг Гёттинген шаҳрида Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда 62 та давлатдан 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. Уч йўналиш (А2, Б1 ва Б2)да ўтказилган беллашувда ўзбекистонлик – Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Райёна Иброҳимова Б1 даража йўналишида олтин медал соҳиби бўлди.

Райёна Иброҳимова

Зулфия мукофотини ололмаганим оғир зарба бўлган”

Райёна Иброҳимова ўз кечинмаларини Kun.uz мухбирига сўзлаб берди.

Онам она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Отам мусиқа мактабида актёрлик маҳоратидан дарс беради. Ўқитувчилар маошига кун кўрадиган оддий оиламиз. Ота-онам қийин вазиятда ҳам билим олишимиз учун барча шароитларни яратиб берди. Отамнинг хоҳишига қарши бормай бир муддат мусиқани ўргандим. Кейинроқ йўналишни ўзгартиришга мажбур бўлдим.

6-синфда Зулфия мукофотини олиш учун тайёргарлик кўра бошладим. Шеърлар ёзиб, газетага чиқардим. Қанча-қанча мағлубиятларга дуч келдим. Қайсидир вақтларда иштиёқларим ҳам синиб кетгани рост. Ёш китобхон танловида, Зулфия мукофоти учун бўлган беллашувларда муваффақиятсизлигим айниқса оғир зарба бўлган. Лекин мақсадимдан чекинмадим. Тушкунликка тушган пайтларимда ота-онам далда бўлди.

Олимпиада икки босқичда ўтказилди. 1-миллий саралаш босқичи. Бу Тошкентдаги Гёте институтида бўлиб ўтди. Ушбу босқичда 1-ўринни олдим ва бу ютуқ мени Германияда етаклади. Германиядаги олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилишим керак эди. Ҳаммаси яхшилик билан тугади.