Ўзбекистон | 16:47 / 20.05.2021
16078
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш нега камайди? Ўзавтосаноат изоҳ берди

Ўзбекистонда енгил автомобилларни ишлаб чиқариш пасайишига микрочипларни етказиб беришдаги узилишлар сабаб бўлмоқда

Фото: Sputnik

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида автомобилсозлик саноати томонидан ишлаб чиқарилган енгил транспорт воситалари сонини эълон қилди. Унга кўра, шу йилнинг январ-апрел ойларида 18 223 дона Cobalt ишлаб чиқарилган ва Uzauto томонидан ҳисобот даврида энг кўп етказиб берилган автомобил ҳисобланади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон автосаноатида автомобил ишлаб чиқариш нега камайгани хусусида Ўзавтосаноат Ахборот хизматига савол билан мурожаат қилди.

Ахборот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилованинг билдиришича, бу масалага 2021 йил март ойи бошида ташкил этилган пресс-тур доирасида биринчи чорагида ойдинлик киритилган ва ҳамон долзарб бўлиб турибди.

Унга кўра, COVID-19 пандемияси жаҳон автомобил саноатининг яримўтказгичли маҳсулотга талабини қондириш борасида салбий таъсир кўрсатиши давом этмоқда.

Пандемия даврида турли гаджетлар ва электрон техникага бўлган талабнинг ўсганлиги бутун дунёда ярим ўтказгичлар бўйича сезиларли танқисликни юзага келтирган. Чиплар етказиб бериш ва логистика занжирларининг узилиши оқибатида қатор автозаводлар ёпилган, боиси 2020 йил бошида микропроцессорлар харидини максимал даражада қисқартирган.

Замонавий автомобилларнинг аксариятида ўнлаб микросхемалар ишлатилади, айрим ҳолатларда улар сони 150 тагача боради. Чиплар, амалда, давигателнинг ишлаш режимидан то навигация тизимларигача – барча жиҳатлар учун жавоб беради. Афсуски, глобал муаммо “Uzauto Motors” АЖ компаниясига ҳам, жумладан 2021 йил иккинчи чораги учун мўлжалланган ишлаб чиқариш режаларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади.

Қайд этилишича, жаҳон автомобилсозлик саноатининг ярим ўтказгичли бутловчи қисмларга талаби тўлақонли қондирилишидаги муваққат чекловлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон автосаноати томонидан енгил автомобиллар ишлаб чиқариш сонига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. 

Мавзуга оид