14:47 / 21.05.2021
3171

Республика бўйича ичимлик суви учун қарздорлик 674 млрд сўмдан ортди

2021 йил 21 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирокида “Аҳолининг ичимлик суви бўйича дебитор қарздорлиги ва тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Тадбирда иштирок этган “Ўзсувтаъминот” АЖ департамент бошлиғи Зуҳриддин Зайниддинов маълум қилинишича, бугунги кунда 3,9 млн аҳоли ва 89,7 минг юридик истеъмолчилар мавжуд бўлиб, шундан 53 фоиз (2,1 млн) аҳоли истеъмолчилари сув ҳисоблагичлари билан таъминланган бўлса, юридик истеъмолчиларда ушбу кўрсаткич 94,6 фоизни ташкил этади.

Бугунги кунда республика бўйича қарздорлик 674,1 млрд сўм, шундан аҳоли 555,8 млрд сўм ва юридик истеъмолчилар 118,2 млрд сўмни ташкил этади. Қайд этиш керакки, ўз вақтида сув ҳақини тўлаб келаётганлар ҳам бор. Масалан, электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay) орқали I чоракда 39,3 млрд сўм келиб тушди, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (22,8 млрд сўм) нисбатан 72 фоизга ошди.

Бугунги кунда 2 444 нафар назоратчи ишга қабул қилиниб, улар 2 368 та (97 фоиз) терминал ва 2 587 та (106 фоиз) термопринтер билан таъминланган. Жорий йил I чорагида пул ундируви 349 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига (226 млрд сўм) нисбатан 122 млрд сўм ёки 54 фоизга ошди. Ҳудудий корхоналар томонидан 63,5 млрд сўм қарздорлик фуқаролик ва иқтисодий судларга тақдим қилинган.

Top